Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ислом–тинчлик ва эзгулик дини

2017-11-16 | Жамият

Андижонда “Ислом–тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида диний соҳа ходимларининг республика анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Андижон вилояти ҳокимлиги ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида фаолият юритаётган имом-хатиблар, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари диний идоралари вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Қирғизистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий М.Токтамушев, Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти бош имом-хатиби К.Аҳмаджон ва бошқалар ислом тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик дини, бинобарин, унинг софлигини сақлаш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Ислом ҳар қандай бузғунчилик ва фитналардан холи экан, аксинча, бундай кучларга қарши фақат маърифат билан курашиш, мусулмон оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл моҳиятини англатиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари, диний масалаларни ҳал этишда қўшни давлатлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги масжид-мадрасалар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразмда “Охун бобо”, Тошкентда “Имом Термизий", “Сузук ота” масжидлари бунёд этилди, Сурхондарёдаги Имом Термизий зиёратгоҳи, Қашқадарёдаги Абу Муъин Насафий мажмуасида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактаблари ташкил этилди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани, ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши белгилангани ана шу йўналишдаги эзгу ишларга ёрқин мисолдир. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини сақлаш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” деган сўзларидан келиб чиқиб, анжуманда диний соҳа вакиллари олдида турган аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида динимизнинг асл моҳиятини кенг тарғиб этиш, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш, юртимизга четдан турли ёт ғоялар кириб келишининг олдини олиш борасидаги ишлар кўлами ва сифатини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди. 

– Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этиши учун барча шароит яратилган, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров. – Бугунги кунда вилоятимизда 181 жомеъ масжиди ва Саййид Муҳйиддин Маҳдум ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Уларда 23 нафар олий, 158 нафар ўрта махсус диний маълумотга эга малакали мутахассислар меҳнат қилмоқда. 

Анжуманда “Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсатининг мазмун-моҳияти”, “Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар”, “Ислом – тинчлик дини”, “Миллий тарбиянинг шарқона хусусиятлари”, “Диний таълим тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан фикр алмашилди. Жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
 
Анжуман иштирокчиларининг мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ислом динини қоралашга уринаётган ёвуз кучлар, уларнинг қабиҳ ишлари юзасидан муносабати қабул қилинди. 

– Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаётга шукрона келтиришимиз керак, – дейди Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Олмазор” жомеъ масжиди имом-хатиби А.Тошматов. – Мана шу тинчлик-осойишталикни кўролмайдиган, унга рахна солишга уринадиган кучлар борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Уларга қарши курашишда диний соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият ва вазифалар юкланади. Бу борада биз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни англаган ҳолда, кенг халқ оммасига тушунтириб беришимиз, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, мафкура, маънавият ва тарбиямизни издан чиқарадиган иллатларга қарши қатъий курашишимиз зарур. 

Анжуман доирасида Андижон давлат университетида “Маърифат ва бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт гаровидир” шиори остида экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари акс этган фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди. Диний соҳа вакилларининг талабалар билан мулоқоти ўтказилди. 

– Тадбирда ислом дини, унинг мазмун-моҳияти, диний ақидапарастлик ғояларининг асл мақсади ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, – дейди Андижон давлат университети талабаси Г.Мўминжонова. – Бу, биз, ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. 

Иштирокчилар Андижон шаҳридаги “Девонабой” масжиди, “Мирпўстин ота” зиёратгоҳи, “Боғи Бобур” маданият ва дам олиш масканида бўлиб, амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар ва дам олувчиларга яратилган шароитлар билан ҳам танишди.

 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзA

Манба: ЎзА

Поделиться