Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

2017-11-16 | Жамият

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, уларнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги ижтимоий фаоллигини ошириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Депутатлар мажлис давомида «Келажак бунёдкори» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. 

«Келажак бунёдкори» медалининг таъсис этилиши муҳимлиги ва зарурлигини таъкидлаб, депутатлар қайд этдиларки, ушбу медаль ёшларнинг юксак марраларга интилишлари учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

– Мамлакатимиз Президенти ёшлар масалаларини кун тартибига қўяётгани бежиз эмас, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Абдуғаффор Қирғизбоев.– Барчага маълумки, бу йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаганидек, бизнинг энг муҳим йўналишимиз – бу ёшлар. Ушбу масалани ҳал этсак – катта ўзгаришларга эришамиз. Ёшлар барча соҳаларда фаол бўлиб, ютуқларга эришаётгани, ўз фаолиятини такомиллаштиришга интилаётгани эндиликда янгилик эмас. Медалнинг таъсис этилиши истиқболга бўлган давлат эътиборининг ёрқин мисолидир. 

Таъкидландики, «Келажак бунёдкори» медали билан халқ манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётган, юксак ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб келаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар мукофотланади. 

Бундан ташқари, ушбу медаль билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар. 

Сўнгра депутатлар «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади давлат органлари ва муассасаларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 

Таъкидлаб ўтилдики, хорижий тажрибани ўрганиш кўпгина чет мамлакатларда фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари йўқлигини кўрсатмоқда. Жамоатчилик назорати асосан давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги нуқтаи назаридан амалга оширилади. 

Шу билан бирга иштирокчилар бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг Интернет-муҳокамаси амалиёти қўлланилаётганлигини, жамоатчилик муҳокамаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин бўлган тартибот ўрнатилаётганини қайд этиб ўтдилар. Мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун парламент қуйи палатасининг веб-сайтида, шунингдек mt.uz, strategy.uz ва бошқа ННТларнинг веб-сайтларида жойлаштирилган. 

Ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилганидан кейин уни жойларда муҳокама қилиш бўйича 30 дан ортиқ тадбир ўтказилганлигини таъкидлаб ўтиш муҳимдир. Шунингдек, теле ва радио каналларда кўрсатувлар ва эшиттиришлар, ток-шоулар ташкил этилди. 

Депутатлар баҳс ва мунозаралардан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Болаларини тарбиялаш бўйича ўз бурчини бажармаётган ота-оналарни жавобгарликка тортиш юзасидан амалдаги белгилаб қўйилган нормаларга қарамай, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларининг бажарилмаслиги ҳоллари ўсаётганлиги кузатилмоқда. Жумладан, 2014-2016 йилларда вояга етмаган болаларини тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ота-оналик бурчларини бажармаганлиги учун салкам 50 минг нафар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, айнан шу даврда салкам 33 минг нафар вояга етмаган ёшлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган, салкам 7 минг нафар ўсмир жиноят содир этган. 

Парламент қуйи палатаси депутати Одинахон Жамолдинованинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг ўтган даврида текшириш жараёнида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг ўқувчилари 174 мингдан ортиқ ҳолатларда машғулотларга келмаганлиги аниқланган. Ушбу кўрсаткич 2016 йилда деярли 80 мингтани ташкил этган эди. 

Таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашга, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганлик учун масъулиятни оширишга хизмат қилади. 

Мажлисда муҳокамалар ва баҳс-мунозаралар жараёнида депутатлар бирлашмалари томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ва бир қатор тавсиялар билдирилди. 

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи бошқа қонун лойиҳалари ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Манба: ЎзА

Поделиться