Қаршида “Фавқулодда вазиятлар хизматлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва беталафот ўтказиш жараёнида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Машғулотлар жараёнида аҳоли хонадонларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган заҳарланиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда жабрланганларни қутқариш ишлари, кўп қаватли уйнинг олд қисмидаги газ тақсимлаш масканида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария ҳолатини, юқори кучланишли подстанцияда электр энергияси узилиши билан боғлиқ аварияни, табиий газ қувурларидаги авария натижасида келиб чиққан ёнғинни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар намойиш этилди.
– Мазкур тадбирлар Президентимиз топшириғи билан бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев. – Бундан мақсад, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва юз бериши мумкин бўлган техноген ва табиий офатларнинг тезкорлик билан олдини олишдир. Тадбирлар давомида Республика ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида фавқулодда вазиятлар давлат тизимига киритилган барча идора ва ташкилотларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги текширилмоқда. Бугунги тактик ўқув машғулотида ташкилот ва муассасаларнинг мавсумга тайёргарлиги, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уларни тезлик билан бартараф қилиш кўникмаси синовдан ўтказилди. Вилоятда тактик машғулотга яхши тайёргарлик кўрилган. Аммо, техникалар ҳолати, ходимлар билими билан боғлиқ камчиликлар йўқ эмас. Қашқадарё вилояти техноген ва табиий фавқулодда ҳолатлар тез-тез содир бўладиган ҳудуд ҳисобланади. Шу боис, ис гази ва табиий газдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, хавфсизлик масаласига риоя қилиш борасида аҳоли билан учрашувлар, махсус ўқув-тактик машғулотлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Машғулотлар давомида вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва “Қашқадарё кўмир етказувчи” унитар корхонасининг куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга жалб этиладиган куч ва воситалари, шунингдек, фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди, вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва тез тиббий ёрдам хизмати куч воситалари намойиши ҳам ўтказилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев иштирок этди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА