Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ғоялар – тараққиёт омили
2015-04-07 | Технологиялар
Фарғонада VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада илмий-тадқиқот институтлари ҳамда тажриба-конструкторлик муассасаларининг 200 дан ортиқ инновацион технология, ишланма ва ғоялари намойиш этилди.
Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур ярмарка иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги талабни инновация соҳасидаги таклифлар билан уйғунлаштириш ҳамда инноваторлар ва инновация лойиҳалари инвесторлари ўртасида бевосита амалий алоқа воситаси бўлиб келмоқда. Шунингдек, тадбир олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик муассасаларининг технология ва ишланмаларини намойиш этиш, тажриба алмашиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда салоҳиятли харидорлар билан бевосита мулоқот қилиш имконини бермоқда. Шу боис, кўргазма давомида эришилаётган келишувлар самарасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига ихчам ва замонавий технологиялар жорий этилиб, юқори самарадорликка эришилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам илмий ишланмаларни рағбатлантириш ва амалиётга татбиқ этиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаннинг устувор йўналишларида олиб бораётган илмий изланишлар натижасида 2012-2014 йилларда 2 илмий-амалий ва 6 илмий инновацион лойиҳа амалга оширилди.
Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари олимларининг илғор инновацион ғоялари, технология ва лойиҳалари, илмий ишланмалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Машинасозлик, муқобил энергия ишлаб чиқариш ва энергияни иқтисод қилишга оид ғоялар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишланма ва технологиялар тармоқда янгилиги ва иқтисодий самарадорлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
– Бугунги кунда мамлакатимизда муқобил энергиядан фойдаланиш борасида бир қатор изланишлар олиб борилмоқда, – дейди Фарғона политехника институти катта илмий ходими Мирсоли Ўзбеков. – Ярмаркада қуёшли ҳаво иситгич технологиясини намойиш этдик. Бу технология иссиқхоналарни иситиш ва мевани қуритишда ишлатилади. Қуёш нури ёрдамида ишлайдиган ҳаво иситгич экологик тозалиги, қулай ва тежамкорлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.
Ярмарка доирасида "Вилоятда инновацион тадбиркорлик: муаммо ва истиқболлар" мавзусида илмий-амалий семинар ҳам бўлиб ўтди. Тадбир давомида саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни харид қилиш, сотиш юзасидан бир қатор шартномалар имзоланди.
Манба: ЎзА