Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Суд экспертизани такомиллаштириш йўллари: хорижий тажриба
2017-11-15 | Жамият
Пойтахтимизда ана шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда АҚШ, Грузия, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон сингари мамлакатлар ҳамда юртимиздаги суд-ҳуқуқ, суд экспертиза соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Ҳожибоев, адлия вазири ўринбосари М.Истамов ва бошқалар суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятда тинчлик ва осудаликни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд экспертизани такомиллаштириш бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир.
Илк маротаба ўтказилаётган мазкур анжуман ҳуқуқ-тартибот органлари билан суд экспертларининг ўзаро ҳамкорлиги орқали идоралараро муаммоларни биргаликда кўриб чиқиш, суд экспертизаси хизматини янада такомиллаштириш, соҳадаги илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш, ўзаро тажриба алмашишга ёрдам беради.
Анжуманда махсус экспертиза ва техник воситалардан суд тиббиёти ва криминалистика соҳасида фойдаланиш, жаҳонда ва мамлакатимизда эришилган замонавий ютуқлар ҳамда имкониятлар таҳлил этилди. Шунингдек, бутун дунё бўйича долзарб муаммолардан бири бўлган гиёҳванд ва психотроп моддалар, суд криминалистикада шахс идентификацияси, баҳсли оталик ва оналикка оид генно-молекуляр – ДНК диагностикаси, суд токсикология ва аналитик кимё соҳасидаги ютуқлар, ҳамда суд экспертизага оид бошқа долзарб масалалар юзасидан етакчи мутахассисларнинг маърузалари тингланади.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги X.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Суд-тиббий экспертиза бош бюроси ва Ички ишлар вазирлигининг Эксперт-криминалистика бош маркази томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлари ҳақида маълумот берилди.
– Суд экспертиза соҳасини фақат бир мамлакат доирасида ривожлантириб бўлмайди, – дейди Халқаро наркотиклар ва ҳуқуқ муҳофазаси бўйича лойиҳа раҳбари Жеймс Кэллахан (АҚШ). – Бунда турли давлатларнинг суд экспертизаси соҳаси мутахассислари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ, айниқса, суд тиббиёти экспертизасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Мазкур халқаро анжуман ҳам турли мамлакатларнинг суд экспертиза соҳаси мутахассислари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, дунёдаги етакчи суд экспертиза муассасалари фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Манба: ЎзА