Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика бошқарув тизимларини жорий қилиш - муваффақиятлар гарови
2017-11-15 | Иқтисодиёт
Маълумки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўйилган мақсадларга эришишда энергия таъминоти асосий омиллардан бири ҳисобланади. Иқтисодиётнинг ўсиши ва табиий ижобий демографик тенденциялар, ўз навбатида энергетика ресурсларидан янада кўпроқ фойдаланишни талаб этмоқда.
Бунда энергиядан оқилона фойдаланиш, энергия таъминоти барқарорлигини ва энергетик хавфсизликни таъминлаш мақсадида энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Radisson Blu Hotel» меҳмонхонасининг конференциялар залида ИСО 50001 «Энергетика бошқарув тизимлари. Талаблар ва қўллаш бўйича йўриқнома» стандартини жорий қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинар Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва мусаффо ривожланиш бўйича Корея мақсадли фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларидан 40 дан ортиқ вакиллар (Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «ЭТМК» АЖ, Ўздавенергоназорат, Ўздавнефтгазинспекция, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзавтосаноат» АК, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ, «Ўзбекенерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзпахтаёғ» АЖ, НТМК, ОТМК, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ, «Кварц» АЖ, «Каттақўрғон ёғ-мой» АЖ, ТДТУ ва бошқалар) ҳамда Кореянинг «Eksimbank» банки, Япониянинг Djayka агентлиги, Ислом тараққиёт банки, Бирлашган миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури каби халқаро молия институтлари ва банклар ходимлари иштирок этишди.
Семинар давомида иштирокчилар энергетика бошқарув тизимларини жорий қилиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган сиёсат, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги 4 та корхонада, жумладан «Бекободцемент» АЖда ИСО 50001 стандартини жорий қилиш бўйича тажриба лойиҳасининг якуний маълумотлари билан таништирилдилар. Шунингдек, ушбу стандартни жорий қилишда қатор муаммолар, жумладан ходимлар малакаси, техник жиҳозланганлик, корхона раҳбариятининг ҳамда жамоасининг энергия самарадорлигини оширишга мойиллиги каби масалалар муҳокама қилинди.
«Бекободцемент» АЖ вакиллари қатнашчиларни ушбу стандартни жорий қилиш жараёни, жорий қилингандан кейинги натижалар ва олинган кўникмалар билан батафсил таништирдилар. Таъкидланишича, ушбу энергетика бошқарув тизимларини жорий қилиш ҳисобига (жорий қилиш харажатлари - 389,4 млн.сўм) корхона 10 ой давомида 2,6 млн.кВт.с электр энергияси ва 1,9 млн.куб.м табиий газни тежашга эришган, жами иқтисод қилинган энергия ресурсларининг пулдаги ифодаси 1,2 млрд. сўмни ташкил этган.
Халқаро экспертлар Хитой ва АҚШ давлатларида ИСО 50001 стандартини жорий қилиш жараёнида олинган билим ва тажрибалар билан ҳам ўртоқлашдилар.
Таъкидландики, ЎзДСт ИСО 50001 «Энергетика бошқарув тизимлари. Талаблар ва қўллаш бўйича йўриқнома» миллий стандарти 2015 йил 1 июньда кучга кирган бўлиб, ўтган давр мобайнида республикамизнинг 20 дан ортиқ корхоналарида муваффақиятли жорий қилинди. Иқтисодиёт вазирлиги вакиллари яқин истиқболда ушбу стандарт яна 50 та корхонада жорий қилинишини қайд этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги