Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бош қомусимиз–жамоатчилик назоратини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати
2017-11-15 | Жамият
Наманган давлат университетида "Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси–жамоатчилик назоратини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзолари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Қонунчилик палатаси депутати И.Ҳожиев, сиёсий фанлар доктори Т.Файзуллаев ва бошқалар мустақиллик йилларида мамлакатимиз барқарор ривожланиш ва юксак тараққиёт йўлини босиб ўтгани, бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган Конституциямиз, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотлар мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Бош қомусимиз юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, фуқаролар эрки, ҳуқуқ ва манфаатлари, инсон қадр-қиммати ва унинг шаъни, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг ишончли кафолатидир, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари П.Маткаримов. – Шунингдек, Конституция давлатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ўзида мужассамлаштиргани, халқаро демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларга асослангани билан муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг давлатимиз суверенитетини таъминлаш, миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашдаги аҳамияти ҳақида маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА