Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўтмишсиз келажак, ҳамкорликсиз тараққиёт бўлмайди
2017-11-15 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти ҳамкорлигида ана шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев, Тошкент темир йўл муҳандислари институти ректори М.Расулов ва бошқалар мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, халқимиз орасида диний бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини, турли миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик хислатларини мустаҳкамлаш, навқирон авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурган ташаббуслари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтирди.
– Мамлакатимизда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Эшонхўжаев. – Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг эътиқод қилиши, тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида 134 миллий маданий марказ ва 34 дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда ёшларни миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш борасида маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА