Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барчамизнинг ишимиз
2015-04-07 | Жамият
Нукусда одам савдосига қарши курашишнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари, имом-хатиблар, "Ишонч" ахборот-ресурс маркази, ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари ва ёшлар иштирокида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аҳоли тинчлигига рахна соладиган, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани алоҳида таъкидланди.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни ҳамда Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ана шу ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини изчил таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўймаслик, аҳоли, айниқса, ёшларни одам савдосидан муҳофаза қилиш, улар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш борасида маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилмоқда.
– Бу жиноят миллат ва ирқ танламайди, – дейди Нукус шаҳридаги "Халқлар дўстлиги" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Урқия Тангирбергенова. – Ушбу глобал муаммога қарши курашишда маҳалланинг ролини янада ошириш давр талабидир. Бунда фаоллар, тажрибали ўқитувчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, профилактика инспекторлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур. Бу масала бўйича маҳалламизда ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари таъсирини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунгидек тадбирлар ва уларда тажриба алмашиш, қўшимча маълумотларга эга бўлиш яхши самара беради.
Манба: ЎзА