Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегациясининг Мадрид шаҳридаги учрашувлари
2017-11-14 | Сиёсат
2017 йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Мадрид шаҳрида Испания Қироллиги Савдо бўйича давлат котиби Мария Луиса Понсела билан учрашди.
Музокаралар давомида ҳамкорликни, аввало савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Суҳбатда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Испания инвестицион алоқаларни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва номенклатураси кўпайтириш учун етарлича имкониятларга эга бўлиб, 2017 йилнинг январь-июль ойларида бу кўрсатгич 71,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Учрашув ва шу куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги бизнес-форумда иқтисодиётнинг турли соҳаларида биргаликдаги ва ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Испания Қироллиги Ҳукумати ўртасида иқтисодиёт ва саноат соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Испания Савдо палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги