Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонасида тизимли ишлар амалга оширилди

2017-11-14 | Жамият

Президент ташрифидан сўнг...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 февраль куни Яккасарой туманининг собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида ташкил этилган “Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиб, кичик бизнес вакилларига кенг имтиёзлар яратиш, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш, уларнинг чет эл бозорларига чиқиши ва маҳсулотлари экспортини кенгайтиришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида ҳам эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича улкан мақсад ва вазифалар белгиланган. 

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида берган топшириқлари ва белгиланган вазифалар асосида ўтган қисқа вақт ичида “Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонасида тизимли ишлар амалга оширилди. 

2014 йилда мазкур саноат зонаси таркибида 10-15 корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда 304 тадбиркорлик субъекти билан 10 йил муддатга ижара шартномалари расмийлаштирилган, шундан, 255 корхона ажратилган майдонда таъмирлаш ишларини якунлаб, фаолиятини бошлаб юборган. 

– Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ҳудудда банк шохобчаси, нотариал идора, темир йўл линияси хизмат кўрсатмоқда, – дейди ДУК раҳбари Рустам Нуралиев. – Мазкур корхоналарда 7 мингга яқин иш ўрни яратилган. Маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга кенг йўл очиш, уларга кредит ва солиқ борасида имтиёзлар яратиш, тадбиркорларга хориждан хомашёни келтириш ва юртимизда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

“Zhong Cheng Ceramics” қўшма корхонаси импорт ўрнини босувчи чинни идишларни ишлаб чиқаради. Корхона маҳсулотлари билан ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Инвестиция лойиҳаси доирасида корхона замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, янги иш ўринлари ташкил этилди. Бу ерда меҳнат қилаётган 40 ходимнинг асосий қисми ёшлардан иборат. Келгусида маҳсулотлар экспортини янада ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ва иш ўринларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. 

Кийим-кечак, спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Pronto Textile Group” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулотлари Италия ва Россияга экспорт қилинмоқда. Япония ва Германиядан келтирилган замонавий дастгоҳлар ва ускуналар билан жиҳозланган корхонада 250 киши меҳнат қилади. Уларнинг кўпчилиги аёллар ва коллеж битирувчиларидир. 

– Ўзбекистон пахтаси сифат жиҳатдан дунёда етакчилардан, – дейди корхона таъсисчиси Юсуф Дурсун (Туркия). – Шу боис, ушбу хомашёдан тайёрланган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида харидори кўп. Кейинги йилларда мамлакатингизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имконият, қулай шароит кўплаб хорижий инвесторларни ўзига жалб этмоқда. 

“Baby Toys Garden” корхонасида юз фоиз маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган 70 га яқин турдаги болалар пластмасса ўйинчоқлари хавфсизлиги, юқори сифати ва нархи арзонлиги билан истеъмолчилар эътиборини тортган. 

– Ҳозирги кунда инвестиция лойиҳаси доирасида янги ускуналар харид қилдик, иш ўринларини кўпайтирдик, – дейди корхона раҳбарининг муовини Саидазим Оқилов. – Маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам чиқаряпмиз. Келгуси йил бошидан миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. 

– Коллежда ўқиб юрганимда ушбу корхонага амалиёт ўташ учун келгандим, – дейди Нодира Ғаффорова. – Ўқишимни битирганимдан сўнг, шу ерга ишга олишди. Ўйинчоқлар болалар учун қувонч улашади. Ана шу ишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. Ишчилар учун барча шароит яратилган. Меҳнатингнинг натижасини кўришдан ва бундан яқинларингни хурсанд қилишдан ортиқ бахт йўқ. 

“Ideal Inter Вiznes” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган полипропилен иссиқ ва совуқ сув, канализация қувурлари, фитинглар сифати ва нархи жиҳатдан Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия бозорларида ҳам ўз ўрнига эга. 

– Президентимиз ташрифи чоғида фаолиятимизни кенгайтириш борасида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдик, – дейди МЧЖ бош директори Шавкат Усмонов. – Корхонамизга кредит ажратилгани янги ускуналар келтириш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринларини яратиш имконини бермоқда. Келгусида "Ангрен" эркин иқтисодий зонасидан берилган 4 гектар ер майдонида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз. 

Ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти, салоҳияти унинг тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришга яратилган кенг имкониятлари билан белгиланади. Бу эса, ўз навбатида, ўша ҳудуднинг ижтимоий ривожига, аҳоли фаровонлигига, қатор соҳалардаги муаммоларнинг ечимига хизмат қилади. Яккасарой кичик саноат зонаси фаолияти мисолида бунга яна бир марта амин бўласиз.

 

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться