Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда
2015-04-07 | Жамият
Темурийлар тарихи давлат музейида Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишлаб "Амир Темур – буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда" деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар академияси тингловчилари, олий ҳарбий таълим масканлари курсантлари, ҳарбий йўналишдаги академик лицей ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Н.Ҳабибуллаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Файзиев ва бошқалар тарихимизни холисона ўрганиш, жаҳон цивилизацияси равнақига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига теран етказишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Бу Амир Темур ва темурийлар тарихи, уларнинг жаҳон тамаддуни ривожида тутган ўрнини илмий асосда чуқур ўрганишда яққол ифодасини топмоқда. Соҳибқирон бобомизнинг маънавий мероси, жумладан, "Темур тузуклари" асари бугунги кунда ҳам кўплаб давлатлардаги университетлар, илмий марказларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Мамлакатимиздаги таълим масканларида Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилигимиз, маданият, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси "Ўзбекистон тарихи", "Жаҳон тарихи" каби фанлар орқали ёшларга чуқур сингдирилмоқда.
– Буюк Соҳибқироннинг «Темур тузуклари» асарини катта қизиқиш билан ўрганмоқдамиз, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети талабаси Жасур Ўсаров. – Унда илгари сурилган ғоялар инсонда ватанпарварлик, ҳалоллик, адолат билан иш юритиш, илм ўрганишга иштиёқ каби фазилатларни қарор топтиришда алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирда Темур ва темурийлар маънавий-илмий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
Иштирокчилар музейда ташкил этилган «Шоҳруҳия – Темурийлар даври бунёдкорлиги ёдгорлиги» мавзуидаги кўргазма билан танишди.
Манба: ЎзА