Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фойдали қазилмалар халқимиз манфаатларига хизмат қилсин

2017-11-14 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 13 ноябрь куни геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолияти самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиб, соҳада ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги фабрикалар қуриш бўйича вазифалар белгилаб берган эди. 

Шунга мувофиқ, ер қаърини комплекс геологик ўрганиш ҳамда узоқ истиқболга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ишлари янги босқичга чиқди. Жорий йилнинг ўзида Президентнинг соҳага оид беш қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида ягона геология хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ соҳада янги тизим яратилди. 

Ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, кончилик муносабатларини бошқариш, минерал-хомашё базасини жадал ривожлантириш ва қайта тўлдирилишини таъминлаш, хомашёнинг янги турлари ва конларини қидириш, геология-қидирув ишларига замонавий услуб ва юқори технологияларни жорий қилиш, кадрлар малакасини ошириш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгиланди. 

Навоий кон-металлургия комбинатининг «Қимматбаҳо металлар ва уран геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Рангли металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази қўмита таркибига ўтказилди. Бугунги кунда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таркибида 32 ташкилот 4 йўналиш бўйича фаолият юритмоқда. 

Қўмитанинг вазифа ва ваколатлари кенгайди, янги конлар топиш ва захираларни кўпайтиришга қаратилган салоҳияти ошди. Геологик ўрганилаётган фойдали қазилма турларининг сони 12 дан 35 га етди. 

Геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида соҳа изчил модернизация қилинмоқда. Лаборатория-таҳлил ускуналари янгиланмоқда. Масалан, илгари руда таркибидаги 32 элемент аниқланган бўлса, янги замонавий технологиялар самарасида бугунги кунда 74 фойдали модда аниқланмоқда. 

Илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида геология-қидирув жараёнига 2018 йилдан аэрогеофизик усул ва ускуналарни жорий қилиш режалаштирилган. Бу истиқболли геологик ресурсларни юқори аниқликда белгилаш имконини беради. 

Бироқ ҳали соҳа олдида қатор долзарб масалалар мавжуд. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ер қаърини геологик ўрганиш, фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва бошқаришга масъул орган этиб белгиланганига қарамасдан, унинг фаолияти геология-қидирув ишларини бажариш билан чегараланиб қолмоқда. 

Йиғилишда геология соҳасининг бугунги ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Ер қаъридан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва кончиликни бошқаришда аниқ механизм мавжуд эмаслиги, бу соҳага етарлича эътибор берилмагани кўрсатиб ўтилди. Бу соҳада илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг бутунлай янги тузилмаси ва йўналишларини ишлаб чиқиш, салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида геология-қидирув ишлари жадвал асосида амалга оширилмоқда. Жорий йилда Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиб, саноатда ўзлаштиришга тайёрланди. Йил охиригача яна 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиши режалаштирилган. 

Президентимиз тоғ-кон саноатининг узоқ муддатли истиқболларига, соҳанинг ҳудудларда саноатни ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мутасадди вазирлик ва ташкилотларга минерал-хомашё базасини ривожлантириш дастурини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш топширилди. 

Йиғилишда соҳадаги йирик муассасалар – Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ижросига ҳам эътибор қаратилди. 

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган дастурга мувофиқ 2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади. 

Ушбу муҳим лойиҳаларни ишончли электр энергияси билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш зарурлиги қайд этилди. 

Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан умумий қиймати 2 миллиард 720 миллион доллардан ошиқ 18 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмокда. “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштириш, “Самарчўқи” ер ости конини қуриш ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи барпо этиш улар орасида энг муҳимларидир. 

Йиғилишда “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштиришни янада тезлаштириш бўйича тавсиялар берилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида геология соҳасига доир саксонга яқин вазифалар белгилаган. Жумладан, ер ости сувлари захираларини кескин кўпайтириш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Ангрен ва Олмалиқ ҳудудларида фойдали қазилма базасини кенгайтириш ва конларни саноатда ўзлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. 

Мутасаддиларнинг бу борадаги ҳисоботлари эшитилди. 

Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Соҳани замонавий мутахассислар билан таъминлаш учун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузурида ихтисослашган олий таълим муассасаси ташкил этиш, унда илмий изланишларга катта аҳамият қаратиш, ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда геология-қидирув ишларини илғор технологиялар асосида ташкил этиш, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, соҳанинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини янада ошириш масалалари таҳлил қилинди. Вазирлик, қўмита ва комбинатлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Манба: ЎзА

Поделиться