Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўрилмоқда
2017-11-09 | Сиёсат
2017 йилнинг 8 ноябрида Тошкентда инвестицион муҳитни яхшилаш, эришилган натижаларни ўрганиш ва устувор йўналишларни белгилаб олишга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Инвестицион жараён иштирокчиларини бирлаштирган мазкур тадбир, давлат ва халқаро ташкилот мутахассислари, шунингдек энг йирик хорижий ва маҳаллий корхона вакиллари ўртасида мамлакатимиздаги инвесторларнинг манфаатларини кўзловчи долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун очиқ майдончага айланди. Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни яхшилаш” лойиҳаси ва ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Халқаро Пресс Клуб ахборот кўмагида ташкил этилди.
Иқтисодий либераллаштириш жараёнларида мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Кўрилган чора-тадбирлар 2011-2016 йилларда кузатилган хорижий инвестициялар оқимининг 3,3 млрд. АҚШ долларидан 1,9 млрд. АҚШ долларигача пасайиш тенденциясини ўзгартириш имконини берди.
Давра суҳбати иштирокчиларининг таъкидлашича, инвестицион салоҳиятнинг ўсишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар соҳага оид миллий қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги, хусусан, қонунчилик меъёрларининг инвестиция соҳалари бўйлаб номуносиб тарқалганлиги, қонуности хужжатларининг қонунларга зидлиги билан изоҳланади, бу эса инвестицияларга доир қонун ҳужжатлари самарадорлигининг пасайиб кетишига таъсир этибгина қолмай, балки иқтисодиёт ривожи ва мамлакат нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун мамлакат раҳбарияти инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини маъмурий-ҳуқуқий ва суд томонидан ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини назарда тутувчи инвестициялар бўйича янги қонунларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйди. Инвестицион бозорда соғлом рақобатни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва инвестициялар соҳасида қонунчиликни кодификация қилиш масалаларига қаратилган қонунлар ҳам шулар жумласидандир. Муҳими мазкур амаллар инвестициявий муҳит ва мамлакат иқтисодиётининг умумий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши лозим.
Шу муносабат билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт Дастурининг экспертлари кўмагида Инвестиция кодексини ишлаб чиқишда фаолият кўрсатадиган идоралараро ишчи гуруҳ тузилди.
Баҳс-музокаралар давомида давлат ҳокимияти органлари, бизнес вакиллари, мамлакатимиз ва хориж экспертлари Ўзбекистон Республикаси Инвестиция кодекси лойиҳасининг тақдим этилган концепциясини муҳокама қилдилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар, шунингдек инвестиция тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва инвестиция бозорида рақобат ривожланишини рағбатлантириш масалалари юзасидан аниқ таклифлар ва тавсиялар бердилар.
Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, кодекс қўшимча кафолатланган имкониятлар яратишга, инвестициялар ҳажмини оширишга ва мамлакатдаги бизнес муҳитини яхшилашга кўмаклашади. Инвестиция кодекси лойиҳасининг концепцияси кенг муҳокама қилиш учун www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.
Муҳокама якунлари бўйича давра суҳбати иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати