Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон илм-фани тамаддунида янги ислоҳотлар даври
2017-11-10 | Фан
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мамлакатимиз илм-фани ривожи йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 ноябрдаги “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар муҳокама этилди.
Давлатимиз раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йил декабрь ойида ўтказган учрашуви, жорий йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.
Халқаро пресс-клуб муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов, Фан ва технологиялар агентлиги бош директори Маҳмуджон Болтабоев, Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев, олимлар, ёш тадқиқотчилар илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш соҳанинг янги босқичга чиқишига хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистонда давлат илмий-техника дастурларининг ижрочи ташкилотлари ҳисобланган 93 илмий-таълим, 73 олий таълим, 63 конструкторлик, жами 230 га яқин илмий-таълим муассасаси мавжуд. Уларда 11 мингдан ортиқ фан докторлари, илмий ва бошқа ходимлар фан тараққиёти йўлида хизмат қилади. Жорий йил давлат илмий-техника дастурлари доирасида 400 дан зиёд фундаментал, мингга яқин амалий, 370 инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаси бажарилмоқда. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида 1 минг 400 дан зиёд докторантлар илмий иш билан машғул. 2017 йилда Фанлар академиясининг илмий ҳажмдор маҳсулотлар экспорти ҳажми 3 миллион 200 мингдан кўпроқ АҚШ долларини ташкил этди.
Мутахассислар эришилган натижалар кўрсаткичи ижобий эканини таъкидлаб, ўз навбатида, мамлакатимиз илм-фани соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд эканини таъкидлади.
Илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техник, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига жавоб бермайди. Ватанимиз илм-фани рақобатбардошлигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари долзарблигача қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш тизимида ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ечимини кутмоқда.
Анжуманда илм-фан зиёлилари Президентимизнинг “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга, келгусида илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини янада орттиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли эканини қайд этди.
Бу жиҳатлар мазкур қарор билан фан ва инновация соҳасида 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани, илмий-тадқиқот муассасаларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш учун етарлича маблағ ажратилганида кўзга ташланади.
Шунингдек, инновацион фаолиятни янада кенгайтириш, олимлар ва ихтирочиларнинг интеллектуал меҳнатлари самарасидан фойдаланиш, рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларига муаллифлик қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, йил охирига қадар Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига танлов ўтказиш, илмий-тадқиқот муассасалари инженер-техник ва ёрдамчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Халқаро пресс-клуб анжуманида журналистларнинг мавзуга доир саволларига жавоб қайтарилди. Таъкидландики, юртимиз азалдан илм-фан, маърифат маркази бўлган. Дунёга машҳур Маъмун академияси, ўрта асрларда Шарқ цивилизацияси асосчилари – буюк алломаларимизнинг шуҳрати бунга ёрқин далил. Бугун бу қутлуғ анъана бардавом. Соҳага қаратилаётган юксак эътибор аждодларимизга муносиб бўлиш, Ўзбекистон илм-фани салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Манба: ЎзА