Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доимий эътиборда
2017-11-10 | Жамият
Пойтахтимизда “Мамлакатимиз стратегик мақсадларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Фридрих Эберт жамғармасининг (Германия) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Нурматова, Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Н.Резяпова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизлар масалалари бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада кенгайтириш, улар ўртасида самарали ижтимоий шериклик тизимини мувофиқлаштириш ҳамда халқаро муносабатларни такомиллаштириш орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаол иштироки, халқнинг истаклари асосида фаолият юритиши ва юрт равнақидаги аҳамияти кўрсатиб ўтилган.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар натижасида қабул қилинган юзга яқин халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат негизида аёллар манфаатини ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилган. БМТнинг «Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциянинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилингани бунинг яққол исботидир.
2017 йил 1 август ҳолатига кўра, юртимизда аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари 300 дан ошди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимизда энг йирик нодавлат ташкилоти ҳисобланиб, бугунги кунда 200 дан ортиқ бўлим ва бўлинмалари, 44 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлари ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилган ҳолда фаолият юритмоқда.
Анжуман доирасида жорий йилнинг 6-9 ноябрь кунлари қўмита томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси кўмагида ўтказилган семинар-тренинглар аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти ва оилалар билан ишлашга йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари ишини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
– Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, уларга қулайликлар яратиш энг юксак қадриятларимиздандир, – дейди Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси А.Асрақулова. – Бунга биз Жиззах вилоятидаги “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази фаолияти билан яқиндан танишганимизда яна бир бор амин бўлдик. Ушбу марказ жамоасининг аёллар манфаати, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга ошираётган ишлари барчамиз учун ибрат бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон-хотин қизлар қўмитаси ҳамда Франция Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг Ўзбекистондаги филиали ўртасида, шунингдек, ҳудудий марказлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Манба: ЎзА