Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ўзбекистон–Санкт-Петербург–ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзуида бизнес форуми ташкил этилди

2017-11-10 | Иқтисодиёт

Халқаро ҳамкорлик марказида 9 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов, Санкт-Петербург шаҳри губернатори Г.Полтавченко ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар, хусусан, апрель ойида имзоланган икки мамлакат минтақалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг йўлга қўйилаётгани иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини бермоқда. 

Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан. Давлатларимиз ўртасидаги фаол алоқалар Стратегик шериклик тўғрисидаги ҳамда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида янги босқичга кўтарилди. Кейинги ойларда ҳукуматлараро ва ҳудудлараро даражадаги ташрифларнинг фаоллашгани самарасида савдо айланмаси бўйича изчил ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўзаро савдо айланмаси 120 миллион АҚШ доллардан ошгани ҳам буни кўрсатиб турибди. 

Тадбирда Санкт-Петербург шаҳрининг элликка яқин компанияси вакиллари қатнашди. Россиялик ишбилармонларга юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилишга хизмат қилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида маълумот берилди. Анжуманда саноат зоналари имкониятлари, янги йўналишда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга оид масалалар муҳокама қилинди. 

– Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар витаминларга бойлиги, мазаси ва сифати билан дунё бозорида алоҳида эътироф этилади, – дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси бошқарма бошлиғи Б.Юнусов. – Чунончи, Россияда ҳам серқуёш ўлкамизнинг экологик тоза, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори. Бугунги форум доирасида россиялик делегатлар таркибида озиқ-овқат саноатига ихтисослашган кўплаб ташкилотлар вакиллари иштирок этгани мазкур соҳадаги ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириш имконини берди. Жумладан, Санкт-Петербург ҳукуматининг Ижтимоий овқатланиш бошқармаси билан қиймати 2 миллион доллар миқдоридаги келишувга эришдик. Ўтган йиллар давомида экспортда ҳўл мева-сабзавотлар етакчилик қилган бўлса, эндиликда қуритилган ва қадоқланган мева, полиз маҳсулотларини етказиб беришни ҳам йўлга қўйдик. 

Бизнес-форумда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалари тингланди. 

Шу куни Санкт-Петербург губернатори Г.Полтавченко Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов билан учрашув ўтказди. Унда ҳудудлар ўртасида ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида Тошкент шаҳар ҳокимияти билан Санкт-Петербург ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. 

Шунингдек, Санкт-Петербург губернатори Г.Полтавченко бошчилигидаги делегация Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Мустақиллик майдонини зиёрат қилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться