Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари
2017-11-09 | Жамият
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 ноябрь куни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг юридик хизмат ходимлари иштирокида “Норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида анжуман ўтказилди.
Анжуманда норма ижодкорлиги, хусусан қонун лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда ва Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши аҳволи танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.Хусусан, мазкур анжуманда юридик хизмат ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда Ҳукуматнинг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳали-ҳануз қатор камчиликларга йўл қўйиб келинаётганлиги, бу эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва масалаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрланишига тўсқинлик қилаётганлиги таъкидланди.
Вазирлик масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар консепцияси доирасида ишлаб чиқилаётган тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишида юридик хизматлар фаолиятини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбир давомида вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш борасидаги ишлари қониқарсиз даражада эканлиги айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишда Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларга уларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори турувчи қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритилади ва уларнинг бажарилиши аҳволи назорат қилинади.
Шу ўринда, айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур тақдимномалар бажарилмаганлиги, шунингдек Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан мазкур ҳолат бўйича маъмурий жазо чоралари қўлланилганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ушбу анжуманда Адлия вазирлиги ҳамда мутасадди идораларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 8 февралидаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш ва уларни кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳиятини етказишда юридик хизмат ходимлари фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, анжуманда бу борада жорий йилнинг 9 ойи давомида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул 19 053 нафар ходимларининг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 7 385 нафари ҳудудий ўқув семинарларда ўқитилганлиги ҳамда ўтган 9 ойда қабул қилинган 1 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан электрон шаклда 609 та давлат органлари ва ташкилотларига юборилиб, улар томонидан 11 604 та таркибий тузилмаларининг «E-xat» ҳимояланган электрон почта манзилларига етказилганлиги ва 554 395 нафар ходимларнинг ўқиб ўрганилиши ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.
Мазкур соҳадаги ишларни амалга оширишда Адлия вазирлиги билан биргаликда барча манфаатдор вазирлик ва идоралар ходимлари, шу жумладан уларнинг юридик хизмати ходимлари фаол бўлишлари муҳим эканлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги