Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролар мурожаатлари асосида ҳуқуқбузарликларга чек қўйилмоқда
2017-11-09 | Жамият
Мамлакатимиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ барча жабҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, энг аввало, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифа этиб белгиланди. Жорий йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналари фуқаролар билан бевосита мулоқот майдонига айланди. Шунингдек, мурожаатларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда ташкилот ва муассасалар «Ишонч» телефонларининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига фуқаролардан турли мазмундаги қарийб 300 га яқин мурожаат келиб тушган. Хусусан, мазкур мурожаатлардан бирида Қизириқ туманида фаолият юритиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Қувондиқ Абдураҳимовга қарашли савдо шохобчаларида савдо қоидалари қўпол равишда бузилаётганлиги баён этилган.
Ушбу мурожаат дастлаб соҳа ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, қисқа муддатли солиқ текшируви ўтказилди. Назорат тадбири давомида шохобча сотувчиси Қувондиқ Абдураҳимов харидорга амалга оширган 20 минг сўмлик хариди учун назорат касса машинаси чеки бермаганлиги ҳамда савдо шохобчасининг ғазнасидаги 4 млн 550 минг сўм нақд савдо пули назорат касса машинаси хотирасидан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, шохобчада 12 турдаги жами 32 млн 342 минг сўмлик кирим ҳужжатлари ва сифат сертификатлари бўлмаган қурилиш ва хўжалик моллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 майдаги 299 сонли қарорига зид равишда 3 турдаги 100 500 ВТгача бўлган 792 минг сўмлик чўғланма лампалар сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу товар моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.
Фуқаролар мурожаати асосида Шеробод туманидаги «Сурхон Агро Кимё таъминот» МЧЖга қарашли минерал ўғитлар сотиш савдо шохобчасида ўтказилган қисқа муддатли текшириш давомида харидорга 7 минг сўмлик харид учун банк пластик карточкаси орқали савдо қилиш рад этилганлиги ва 35 минг сўмлик нақд савдо пули назорат касса машинасидан ўтказилмаганлиги аниқланди. Бундан ташқари, Кирим ҳужжатлари бўлмаган 1 турдаги 5 миллион 940 минг сўмлик 5280 кг карбамид минерал ўғити маҳсулоти далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси