Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламент делегациясининг Вашингтон шаҳридаги учрашуви ҳақида
2017-11-07 | Сиёсат
2017 йил 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларидан ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат республикамиз парламент делегацияси АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида бўлди. Ўзбекистон парламент аъзоларининг АҚШга ташрифи Конгресс кутубхонаси ҳузуридаги “Очиқ дунё” етакчилик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Капитолияда бир қанча учрашувлар ўтказилди. Хельсин комиссияси раиси, сенатор Рожер Уикер, Ташқи ишлар қўмитасининг катта аъзоси Элиот Энжел, етакчи конгрессменлар Францис Руни, Жефф Фортенберри, Дэвид Прайс, Жим Макговерн, Роберт Адерхольт билан музокаралар ташкил этилди. АҚШ Сенатининг халқаро муносабатлар ва бюджетдан ажратилган маблағлар бўйича қўмиталари ижро этувчи аппаратларининг катта стафферлари, шунингдек Конгресснинг Тадқиқот хизмати экспертлари билан ўзаро фикр алмашилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришлар ва ислоҳотлар ҳақида АҚШ қонун чиқарувчи ҳокимияти вакилларига ахборот берилди.
Республикада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида парламентнинг ролини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, бугун Олий Мажлисга ҳукумат тузилмалари фаолияти устидан кенг назорат қилиш ваколати берилди, долзарб масалалар юзасидан парламент эшитувларини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди, депутатлар ва сенаторлар жойларда сайловчиларнинг муаммоларини ҳал қилишда бевосита иштирок этиш учун мамлакат минтақаларидаги ўз ишларини анча фаоллаштирдилар.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида АҚШ томони хабардор этилди. Жумладан, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича изчил фаолият олиб борилаётганлиги ва бу Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий муҳитни шакллантириш имконини берганлиги таъкидланди. Конгрессменлар, сенаторлар ва уларнинг стафферлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сентябрь ойида АҚШга қилган ташрифи якунлари, Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форумида эришилган келишувлар, жумладан 2,6 млрд. АҚШ доллари миқдорида имзоланган шартномалар билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан олинган ахборотга кўра Конгресс вакиллари Ўзбекистон эришган натижаларга юксак баҳо бердилар. Конгрессменлар ва сенаторлар иқтисодиётни мустаҳкамлашга ва одамлар фаровонлигини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни рўёбга чиқаришда республикамизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликликларини билдирдилар. Икки мамлакат парламент аъзолари ва ходимларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали халқаро алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси аъзоларининг АҚШга ташрифи давом этмоқда. АҚШ штатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама этиш учун мамлакатнинг бошқа минтақаларига сафарларни амалга ошириш ташриф дастуридан жой олган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати