Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Георгий Полтавченко: Ўзаро ҳамкорлигимиз имкониятлари кенг
2017-11-09 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда. Олий даражада эришилган келишувлар барча соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи доирасида имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ икки мамлакат ҳудудлари ўртасида алоқалар жадал ривожланмоқда.
Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув жуда самарали бўлди. Унда Ўзбекистон билан Санкт-Петербург ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий алоқаларда имкониятлар кенг. Масалан, Ўзбекистонга Санкт-Петербургдаги Киров заводида ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришимиз мумкин. Санкт-Петербургда экологик тоза, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон шундай маҳсулотларга бой. Делегациямиз таркибида озиқ-овқат саноати ва савдосига ихтисослашган кўплаб ташкилотлар вакиллари келган. Бу борада йўлга қўйилган тизим асосида мамлакатингиздан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари олишни кўпайтиришдан манфаатдормиз.
Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шаҳримизда бу соҳада яхши салоҳият мавжуд. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш, дори воситалари ва тиббий техникалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Уй-жой, коммунал хўжалиги, жамоат транспорти, аҳолига хизмат кўрсатишни автоматлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон қадимий маданият ўлкаси, буюк алломалар ватани. Санкт-Петербург Россиянинг маданий пойтахти ҳисобланади. Учрашувда кўп йиллик маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бу келишувларни тез орада ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаймиз. Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни изчил давом эттирамиз.
Манба: ЎзА