Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Андижонда туризм ва туристик хизматлар экспорти ҳажми ошмоқда

2017-11-08 | Туризм

Туризм мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жойларда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

– Вилоятда туризм ва туристик хизматлар экспорти ҳажмини оширишнинг манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чииқилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти бўйича ваколатли вакили Адҳам Исмонов. – Унга кўра, туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, туристик хизматларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорларига таклиф этиш, вилоятдаги сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини бугунги кун талаблари даражасига кўтаришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Вилоятда “Континент тревл”, “Саёҳат”, “Андижонтурист”, “Холис саёҳат” каби 20 дан зиёд туристик ташкилотлар фаолият юритмоқда. Улар асосан юртдошларимизни Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч сингари тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб бориш билан шуғулланади. Шунингдек, сайёҳлик фирмалари юртимиз ва хориждаги 100 дан зиёд сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқда. Сайёҳлик корхоналари “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркасида доимий иштирок этиб, вилоятнинг туристик имкониятларини намойиш этмоқда. Хорижий ва юртимизда фаолият кўрсатаётган сайёҳлик корхоналарига Андижоннинг қадим ва бой тарихини ўзида мужассам этган гўшалар, маданий мерос ёдгорликлари, гўзал ва бетакрор табиат қўйнида жойлашган сўлим дам олиш масканлари ҳақида маълумотлар тақдим этишда ушбу ярмарканинг аҳамияти катта бўлмоқда.

– Ташкилотимиз нафақат мамлакатимиз, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Малайзия, Сингапур, Туркия давлатларидаги сайёҳлик фирмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган, – дейди “Холис саёҳат” сайёҳлик фирмаси раҳбари Орифжон Сатторов. – Ҳамкорларимизга вилоятдаги сайёҳлик объектлари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилган. 

Вилоятда халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва хушманзара дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлардан иборат 300 дан зиёд сайёҳлик объекти мавжуд. Улардан танлаб олинган 20 дан зиёд объект бўйича туристик йўналишлар ишлаб чиқилган. 

Ўлкашунослик, Адабиёт ва санъат музейлари, Андижон шаҳридаги Боғи Бобур, Булоқбоши туманидаги “Ширмонбулоқ”, Хонободдаги “Хонтоғ” дам олиш масканлари, Андижон шаҳридаги Мирпўстин ота, Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим, Қўрғонтепа туманидаги Бибисешанба, Хонободдаги Фозилмонота, Хўжаобод туманидаги Имомота, Балиқчи туманидаги Уч булоқ, Тузлуқмомо, Андижон туманидаги Меҳмони Валий зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги Сарвонтепа, Чордона, Булоқбоши туманидаги Тоштепа, Марҳамат туманидаги Мингтепа сингари археологик ёдгорликлар, айниқса, сайёҳатчилар билан гавжум бўладиган масканлардир. 

Ушбу масканларнинг барчасида сайёҳлар ва дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун замонавий шароит яратилган. Дам олувчиларга хизмат кўрсатиш даражаси ҳам тобора юксалмоқда. Бундан ташқари, кейинги йилларда аксарият зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида ободонлаштириш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Масалан, “Хонтоғ” дам олиш масканидаги осма сим йўли тўла реконструкция қилинди, Балиқчи туманидаги Уч булоқ, Тузлуқ момо, Пахтаобод туманидаги Ховаскон ота, Андижон шаҳридаги Мирпўстин ота зиёратгоҳларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, зиёратчилар учун зарур қулайликлар яратилди. 

Андижон кўркига айланган Боғи Бобур дам олиш масканида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу ердаги Бобур рамзий мақбараси, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи меҳмонлар ва сайёҳларда катта таассурот қолдирмоқда. 

Вилоят маркази кундан-кун чирой очиб, замонавий бинолар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, йўллар халқаро талаблар асосида қайта қурилмоқда. Шаҳарда 16 меҳмонхона мавжуд бўлиб, хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда. Вилоятдаги танлаб олинган сайёҳлик объектлари ҳақида буклетлар, китоблар тайёрланган, туристик фирма ва меҳмонхоналарнинг интернет-сайтлари фаолият юритмоқда. Уларга дам олиш масканлари, зиёратгоҳ ва меҳмонхоналар ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумотлар жойлаштириб борилади. 

Ички туризмни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда сервис хизматини янада яхшилаш мақсадида қўшимча туристик йўналишлар ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалиги ҳудудида балиқ ови, Жалақудуқ туманида термал сув, Балиқчи, Марҳамат, Шаҳрихон туманларида шифобахш қумларда соғломлаштириш туризми йўналишлари очилган. Марҳамат тумани Мингтепа ёдгорлигида очиқ музей, Булоқбоши туманидаги Чилустун тоғи ҳудудида экотуризмни ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. 

Андижоннинг гўзал ва хушманзара табиати ҳам ҳар қандай кишини ром этади. Бир неча минг йиллик тарихга эга Сарвонтепа, Мингтепа ёдгорликлари ҳам хорижликларда катта қизиқиш уйғотиши аниқ. Мухтасар айтганда, Андижонда туристлар, айниқса, хорижлик сайёҳларга таклиф этиладиган масканлар талайгина. Ана шу масканларда туризм, айниқса, ички туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, саёҳатчилар учун қулайликлар яратиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться