Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган I Тошкент халқаро амалий санъат фестивали доирасида ташкил этилган кўргазмада анънавий ва замонавий усулдаги ижод намуналари намойиш этилди.
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ўтказилган кўргазмада Бадиий академия раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар мамлакатимизда санъатнинг барча йўналишлари каби амалий ва декоратив санъат тараққиётига ҳам кенг йўл очилгани, миллий ҳунармандликнинг кўплаб турлари изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда кулолчилик, наққошлик, ганчкорлик, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги ва амалий санъатнинг бошқа турлари бўйича сулола вакилларининг ижод намуналари мамлакатимиз ва хорижда машҳур. Улар санъат ва маданият саройлари, театрлар, музейлар, маъмурий иншоотлар, метро бекатлари, муаззам майдонларимиздаги ёдгорлик мажмуалари кўркига кўрк қўшмоқда.
– Илк бор ўтказилаётган бундай фестиваль амалий санъат соҳасидаги ютуқ ва янгиликларни, эришилган натижаларни сарҳисоб этиш имконини беради, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, моҳир кулол Акбар Раҳимов. – Фестиваль доирасидаги кўргазмалар бетакрорлиги, янги ижодий ғояларга бойлиги, қамровининг кенглиги, миллий қиёфамизни яққол акс эттиргани билан диққатга сазовор.
Бу ерда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги уста ва ҳунармандлар, уларнинг шогирдларининг ижод намуналари билан бирга чет эллик ижодкорларнинг ишлари билан ҳам танишиш мумкин.
– Мазкур лойиҳа мусаввирлар, тикувчилар, дизайнерларнинг ўзаро ижодий ҳамкорлигини ҳам кўрсатмоқда, – дейди чевар Нина Петросова. – Кўргазмадаги қатор ижод намуналарини рассом Вячеслав Усейинов эскизлари асосида биргаликда яратганмиз. Жумладан, "Коинот юлдузларининг милтираши" номли гобелен услубидаги ижодий иш беш йил давомида тайёрланган. Ушбу фестиваль мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг самарали ижод қилиши учун зарур барча шароитлар мавжудлигини яна бир карра намойиш этмоқда.
Фестиваль доирасида ўтган давра суҳбатида ҳунармандликнинг турли йўналишлари бўйича долзарб масалалар муҳокама этилди. Ёшлар ижод саройида амалий ва декоратив санъат намуналарига оид кўргазмалар очилди.
Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА