Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилоятида бўш турган бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда
2017-11-08 | Иқтисодиёт
Фарғонада кичик саноат зоналари ва фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш объектлари негизида лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари ва мавжуд имкониятлар тўғрисида тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда тадбиркорлар, адлия, божхона, солиқ идораси ходимлари, тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарк ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бандлик масаласини ҳал этиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда янги имкониятлар яратаётир.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Юнусов ва бошқалар мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кичик саноат зоналари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, илгари хусусийлаштирилган, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг самарали механизми жорий қилинди. Фарғона вилоятида хусусийлаштирилган, фаолияти тўхтаб қолган ёки бинолари бўш турган корхоналар ўрганилиб, уларни эркин иқтисодий зоналар таркибига киритиш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, бўш турган бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари иш бошламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 августда қабул қилинган “Фарғона вилоятида жойлашган ишламай турган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, шунингдек, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилган. Фарғона, Қувасой, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Данғара туманида ташкил этилаётган кичик саноат зоналари тадбиркорлик фаолияти янада жадал ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Семинарда вилоятда ишламай турган ва кам қувватли корхоналар, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки бўлган объектлардан ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, кичик саноат зоналарида тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.
Манба: ЎзА