Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
portal.standart.uz орқали сертификатлаштириш идораларининг иш фаолияти автоматлаштирилди
2017-11-07 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлигининг ахборот тизимлари орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар ҳамда янги имкониятларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Мамлакатимиз иқтисодиётида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилаётгани, уларнинг сафи кенгайишига, иқтисодиётдаги ҳиссаси жадал ўсишига хизмат қилмоқда. Ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин ҳисобланган мазкур тармоқ аҳоли бандлиги ва даромади манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди. Зеро, тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам салмоқли улуш қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мазкур йўналиш бўйича агентлик олдига аниқ вазифалар қўйилган. Шундай вазифалардан бири тармоқда ахборот тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига интерактив хизматлар кўрсатиш сифатини юксалтириш ва бу хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини оширишдир.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида агентлик томонидан ишлаб чиқилган «Мувофиқликни баҳолаш», «Стандартларни қидириш миллий тизими», «Мувофиқлик сертификатлари давлат реестри» ва «Маҳсулот штрих коди бўйича маълумотларни қидириш» каби ахборот тизимлари аҳоли ва тадбиркорларга бир қанча қулайликлар яратмоқда. Мазкур ахборот тизимлари орқали бугунги кунгача тадбиркорларга 10 мингдан зиёд интерактив хизмат кўрсатилган.
Агентликнинг расмий веб-сайтидаги «Стандартларни қидириш миллий тизими» ахборот тизимида аҳоли ва тадбиркорларга стандартлаштиришга доир ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул фойдаланиш имкони мавжуд. Ушбу тизимга 19 мингдан ортиқ стандарт, шундан 1 минг 200 дан зиёд давлат стандартининг электрон нусхалари жойлаштирилди.
portal.standart.uz портали орқали сертификатлаштириш идораларининг иш фаолияти автоматлаштирилди. Ушбу портал ёрдамида маҳсулотларга берилаётган сертификатларнинг электрон базаси шакллантирилмоқда. Энг муҳими, мазкур дастур ёрдамида тадбиркорлар маҳсулот сертификатининг ҳаққонийлигини текшириб олишлари мумкин. «Мувофиқлик сертификатлари давлат реестри» ахборот тизими орқали давлат реестрига киритилган мувофиқлик сетификатлари, уларнинг амал қилиш муддатлари ва бошқа маълумотларни тўлиқ билиб олиш имконияти мавжуд.
Веб-сайтда жорий йил 10 мартдан бошлаб ишга тушган «Онлайн маслаҳат» рукнида аҳоли ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқда. Ҳозиргача 500 га яқин фуқаро саволларига тезкор жавоб олди. Айни дамда мобил телефонларга мўлжалланган «Менинг стандартим» дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастур орқали фуқаролар агентлик виртуал қабулхонасига мурожаат юбориш, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг штрих коди орқали маълумот олиш ва унинг сифатига баҳо бериш имкониятига эга.
Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА