Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистони делегацияси билан учрашув
2017-11-07 | Сиёсат
2017 йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маслаҳатлашув кенгаши (Парламенти) аъзоси, Саудия Арабистони-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси ўринбосари Аҳмад бин Муҳаммад Абуш ал-Ғомидий бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари нуқтайи назаридан икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда 2017 йил 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан учрашуви Ўзбекистон ва Саудия Арабистони мулоқотини чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очиб бергани қайд этилди.
Учрашув давомида икки томон кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги