Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик масалаларига бағишланди
2017-11-07 | Сиёсат
Тошкент шаҳрида 6 ноябрь куни Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партиясининг XIX съезди якунларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, сиёсий партиялар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, ХХР делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Шу йил 18-24 октябрь кунлари ХХР Компартияси XIX съезди бўлиб ўтди. Унда Си Цзиньпин партия марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайланди. Тадбирда Хитойнинг кейинги беш йиллик ривожланиш йўлини белгилаб берган мазкур съезд якунлари, Хитой тараққиёт истиқболида яхши қўшничилик муносабатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва қатъий ишончга асосланган ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Хитой Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда барча жабҳаларда фаол ривожланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларда яқин халқаро ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилангани каби Хитой Халқ Республикасини тараққий эттиришнинг беш йиллик истиқболларида ҳам яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш масаласи ташқи сиёсатда асосий йўналиш сифатида белгилангани қайд этилди. Бу ўзаро манфаатли инвестициявий ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форум доирасида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА