Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шавкат Мирзиёев: Шароф Рашидов мураккаб даврнинг матонатли шахси

2017-11-06 | Сиёсат

Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорида Жиззах шаҳрида адибнинг мемориал музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги олдидан қайта қуриб битказилган мазкур музейда бўлиб, бу ердаги экспозициялар ва яратилган шароитлар билан танишди. 

Қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида музей биноси кенгайтирилди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчининг ҳаёт йўли ва ижодига дахлдор 2 минг 700 дан ортиқ экспонат билан таъминланди. 

Музейга кираверишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», деган сўзлари битилган. Бинонинг ички ва ташқи қисми миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида безатилиб, анжуманлар залида Шароф Рашидов фаолиятига доир фильмларни намойиш этиш имконияти яратилди. 

Музей ёнига Шароф Рашидов давлат хизмати чоғида фойдаланган поезд вагони ўрнатилди. Ундаги шароит ва буюмлар асл ҳолича сақланган. 

Музейда намойиш этилаётган экспонатлар Шароф Рашидовнинг болалик даври, талабалик йиллари, муҳаррирлик даври, Ўзбекистонда чўл ва қўриқ ерларни ўзлаштириш, қурилиш жараёнидаги фаол иштироки, ижтимоий-сиёсий ва адабий фаолияти ҳамда бошқа мавзуларга бағишланган ўнта бўлимга ажратилган. 

Бўлимларда атоқли давлат арбобининг фотосуратлари, дастхатлари туширилган китоблар, ёрқин хотирасига оид турли буюмлар ва бошқа кўплаб экспонатлар намойиш этилмоқда. 

Музей Шароф Рашидов ҳақида тўлиқ маълумот берадиган, у кишининг руҳларини сезадиган жой бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерга ўқувчи-ёшларнинг мунтазам ташрифини йўлга қўйиб, турли тадбирлар ўтказиш зарур. 

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари вакиллари билан учрашар экан, 2017 йил халқимизнинг оташқалб фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудига 100 йил тўлишини қайд этиб, ушбу қутлуғ санани бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, у киши туғилиб вояга етган Жиззах заминида муҳташам ёдгорлик мажмуаси барпо этиш таклифини ўртага ташлаган эди. 

Ўтган қисқа вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Шароф Рашидовнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, анжуманлар уюштирилмоқда, китоблар чоп этилди. 

Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов мемориал музейи фахрий меҳмонлар китобига ўз фикр ва таассуротларини ёзиб қолдирди. 

Унда шундай сўзлар бор: «Халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эл-юртимиз учун фидойи раҳбар, бетакрор ва беназир шахс эди… 

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам эл-юртимиз манфаатини ўйлаб яшаган Шароф Рашидовнинг буюк хизматлари халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолади. 

Бугун Жиззах шаҳрида иш бошлаётган Шароф Рашидов мемориал музейи ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади, деб ишонаман».

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться