Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали очилди
2017-11-06 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорида Жиззах шаҳрида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш белгиланган эди. Қисқа вақтда шаҳар марказида мазкур мажмуа ва ҳайкал бунёд этилди.
Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги доирасида ушбу ҳайкалнинг очилиш маросими бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят аҳли, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар иштирок этди. Шароф Рашидовнинг фарзандлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидовнинг халқимиз манфаатлари йўлидаги улкан хизматлари ҳақида сўзлади.
Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини таъкидлади.
Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.
Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди, деди Президентимиз.
Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Оқил Салимов, меҳнат фахрийси Исмоил Жўрабеков, учувчи-космонавт Владимир Жонибеков, меҳнат фахрийси Қаллибек Камалов, Шароф Рашидовнинг қизи, академик Сайёра Рашидова ва бошқалар Шароф Рашидов билан боғлиқ хотиралари, у кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлади.
Шароф Рашидов ҳайкалини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова очди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Манба: ЎзА