Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновация лойиҳалари кўргазмаси
2015-04-03 | Технологиялар
Наманганда VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида инновацион ишланмаларнинг соҳавий тақдимотлари кўргазмаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, илмий-ишлаб чиқариш ва конструкторлик ташкилотлари ходимлари, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда самарадорлигини ошириш, фан-техника ютуқлари, инновация лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги "Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мамлакатимизда олий таълим, фан ва илмий-тадқиқот муассасалари интеллектуал салоҳиятидан янада оқилона фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар натижаларини иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида жорий қилинишини таъминлаш ҳамда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш йўлида муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди Наманган вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази раҳбари, профессор Рустамжон Муродов. – Ушбу анъанавий кўргазма инновацион ишланмаларни иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига татбиқ этиш истиқболларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Кўргазмада йигирмадан зиёд илмий муассаса ва Фарғона водийсидаги олий ўқув юртлари олимлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ошириш, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш, мева, сабзавот ва узумдан юқори ҳосил етиштириш бўйича ишлаб чиқилган юзга яқин инновацион ишланмалар намойиш этилди.
Тадбир давомида илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш субъектлари ўртасида умумий қиймати 392 миллион сўмликдан зиёд шартнома имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимларининг замонавий илм-фан, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, кимё, биология ва биотехнологияларнинг долзарб масалалари, композициялар асосидаги янги материаллар каби мавзуларда маърузалари тингланди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА