Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар пресс-клубида маънавий-маърифий ишлар муҳокамаси
2017-11-03 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштиришнинг илмий-амалий масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров ва бошқалар мамлакатимизда маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигини тубдан яхшилашга, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қарор билан қайта ташкил этилган Республика Маънавият ва маърифат маркази мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш, жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, ёшлар қалбида Ватан ва фуқароларимиз тақдири учун дахлдорлик, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитет ҳиссини кучайтириш юзасидан илмий-амалий ва ташкилий ишларни амалга оширмоқда.
Бугунги кунга қадар марказ томонидан 200 дан ортиқ тадбир, оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишлар уюштирилди, илмий-амалий рисолалар тайёрланди. Ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди. Ўз навбатида марказ қатор янги ғоялар устида иш олиб бормоқда.
Тарғибот ишларига изчил ва янги услубларни жорий этиш мақсадида олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташкил этилди. Мазкур тарғиботчилар жамияти аъзолари барқарор ривожланишимизга тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Ҳудудларнинг маънавий муҳит харитаси” ишлаб чиқилди. Харита ҳудудларда ўтказилган тажриба-синов натижалари асосида тузилган бўлиб, унда туманлар ва олис қишлоқларимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ўрин олган.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларнинг ҳолати ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА