Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ўз мақсадига янада яқин
2015-04-03 | Жамият
Ёшлар ижод саройида "Таълим ва мутахассислик" XII халқаро кўргазмаси очилди.
"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг кўплаб олий ўқув юртлари, бўш иш ўринлари тақдим этаётган йирик корхоналар, бандликка кўмаклашиш марказлари иштирок этмоқда.
"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилаётганини таъкидлади. Мазкур кўргазма ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Касб-ҳунар коллежларида умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган бир неча касб-ҳунарни эгаллаш имконияти мавжуд. Уларда ўрта махсус таълим олган ёшлар корхоналарга муайян касб-ҳунарни пухта эгаллаган, ишлаб чиқариш жараёнини яхши билган мутахассис сифатида кириб келмоқда. Бу борада лицейлар ҳам муҳим вазифани бажармоқда. Ушбу билим масканларида ўқувчилар академик йўналишлар бўйича умумий таълимни чуқур ўрганишдан ташқари, муайян ихтисосликлар бўйича фанларни ўзлаштирмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларга мўлжалланган олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастури мамлакатимиз таълим тизимини янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Унда олий ўқув юртлари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш, замонавий лабораториялар ташкил этиш, ўқитиш йўналишларини мақбуллаштириш, давлат таълим стандартларини янада такомиллаштиришни ўз ичига олган аниқ мақсадли тадбирлар белгилаб берилган.
– Асосий мақсадимиз ёшларни Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар таълим тизимининг замонавий усуллари билан яқиндан таништириш, ўқув муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар ўзи қизиққан соҳалардаги ўқув юртларини танлашига кўмаклашиш ва янги иш ўринларини тақдим этишдир, – дейди "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати тадбиркорлик лойиҳалари координатори Абдулазиз Мўминов. – Икки йўналишда ўтказилаётган ушбу кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Россия, Малайзия, Буюк Британия, Венгрия, Польша, Канада, Сингапур, АҚШ, Исроил ва бошқа давлатларнинг йигирмадан зиёд етакчи олий ўқув муассасаси ва уларнинг олтмишдан ортиқ филиали, тил марказлари, кўплаб иш берувчи ташкилотлар қатнашмоқда.
– Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда, – дейди Жанубий Кореянинг Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори Шерзод Шерматов. – Ёшларимизнинг билим олишга бўлган иштиёқи кучли. Буни кўргазмага келган ёшлар мисолида кўриш мумкин.
Кўргазманинг мутахассислик йўналиши мамлакатимизнинг етакчи фирма ва компанияларига мавжуд бўш иш ўринлари учун номзодларни танлаб олишда яхши имконият яратмоқда. Бу ерда нафақат таълим муассасаларини битираётган йигит-қизлар, балки тажрибали мутахассислар ҳам ўзлари истаган ишни топиши мумкин.
– Хорижда компьютер инжиниринги йўналишида таҳсил олиб қайтдим, – дейди Ферузбек Саидов. – Энди олган билимимни мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида сарфлаш ниятидаман. Ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича иш ўринлари таклиф этаётган компаниялар билан танишдим. Биз, ёшлар келажагимизни қуриш учун бундай кенг имкониятлар яратилаётганидан мамнунмиз.
Кўргазма доирасида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув семинарлар, лойиҳалар тақдимоти ўтказилади.
Манба: ЎзА