Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Кореяда электрон ҳукумат бўйича глобал форум бўлиб ўтди
2017-11-02 | Технологиялар
Корея Республикасида электрон ҳукуматни қуриш бошланганига эллик йил тўлди. Шу муносабат ташкил этилган халқаро форумда электрон ҳукумат барпо этиш ва технологияларни ривожлантиришда илғор мамлакатларнинг давлат хизматчилари, етакчи экспертлар, нуфузли университетларнинг талабалари электрон ҳукуматнинг истиқболларини муҳокама қилишди.
Тадбирнинг расмий қисми Жанубий Корея ярим асрда бу йўналишда қўлга киритган ютуқлар, мамлакатдаги етакчи компаниялар тажрибасини ўрганишга бағишланди.
Глобал форумда Ўзбекистондан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров қатнашиб, мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш тарихи ва унинг олдида турган асосий вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Хусусан, Ягона давлат интерактив хизматлари портали (my.gov.uz), «Ягона ойна» тамойили бўйича аҳолига хизмат кўрсатувчи марказлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали (regulation.gov.uz), очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), Ўзбекистон Республикасининг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz), Мирзо Улуғбек инновация маркази, Давлат ижро интизоми тизими (ijro.gov.uz) ҳақида маълумот берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги