Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти АҚШ Президентига Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати сабабли таъзия изҳор этди
2017-11-01 | Сиёсат
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Доналд Жон Трамп Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноблари!
Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз.
Ушбу қабиҳ ва шафқатсиз жиноятни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Биз ҳар қандай шакл ва кўринишдаги экстремизм ва терроризмни кескин қоралаймиз.
Содир этилган фожиа замонамизнинг бундай ғайриинсоний хавф-хатарларига қарши курашиш йўлида бутун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш заруратини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзбекистон ушбу террорчилик ҳаракатини суриштирув ишларига кўмак кўрсатиш учун бор куч ва воситаларини ишга солишга тайёр.
Биз Америка Қўшма Штатлари халқи билан ҳар томонлама бирдам эканимизни изҳор этамиз.
Қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик туйғуларимизни етказиб қўйишингизни сўрайман. Жароҳат олганларни эса тез фурсатларда соғайиб кетишини тилайман.
Қайғу билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги