Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигининг муҳим омиллари
2017-11-01 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Л.Сувонов ва бошқалар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг 19-бандида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, улар олдига ташкилотлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, веб-сайтларини мунтазам янгилаб бориш, жамоатчилик билан алоқани таъминлаш каби муҳим вазифалар қўйилганини таъкидлади.
– Оммавий ахборот воситалари ўртасида кучли рақобат муҳити шаклланаётгани ахборот хизматларини янада фаол ишлашга ундамоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шаҳриёр Мансуров. – Ахборот хизматларининг ОАВ билан ҳамкорлик қилишида замонавий ва изчил механизмларни ишлаб чиқиш бугуннинг долзарб вазифасига айланган. Мазкур тадбир шу каби масалалар ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир иштирокчилари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот ишининг ўзига хос жиҳатлари, матбуот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, турли оммавий ахборот воситалари билан ишлаш принципларини муҳокама қилиш, пресс-релиз тайёрлаш қоидалари, матбуот анжумани ва брифинглар ўтказиш каби қатор масалалар бўйича назарий билимларга эга бўлади.
Шунингдек, ўқув давомида медиалойиҳалар тайёрлаш, ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилишга доир қонунчилик шарҳи, ахборот хизматлари томонидан жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун тадбирлар ташкил этишнинг самарали услублари каби масалаларда амалий машғулотлар ташкил этилади.
Манба: ЎзА