Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ билан мулоқотнинг самарали усуллари
2017-10-31 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўзда тутилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда ЎзЛиДеП фракциясининг иштироки" мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.
Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, юртимиз тараққиётини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу жараёнга ЎзЛиДеП ва унинг фракцияси муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда.
Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли назорат-таҳлил фаолияти йўлга қўйилган. Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан депутатлик назорати олиб борилмоқда.
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси, Янгиер кичик саноат зонасида тегишли ўрганишлар амалга оширилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар тегишли мутассадди ташкилотларга киритилди.
Халқ билан мулоқотни тизимли ва самарали йўлга қўйиш, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини очиб бериш ва аҳолининг қонун лойиҳалари муҳокамасида фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида жорий йил август ойидан бошлаб “Facebook” ижтимоий тармоғида фракциянинг саҳифаси очилди. Унда онлайн мулоқот йўлга қўйилди. Ўтган даврда аҳолини ўйлантираётган мингдан ортиқ саволга жавоб қайтарилди.
Интернет тармоғи орқали боғланиш имкониятига эга бўлмаган аҳоли вакиллари билан бевосита алоқалар ўрнатишга аҳамият қаратилмоқда.
Анжуманда амалга оширилган ишлар билан бирга депутатлар томонидан илгари сурилаётган қонунчилик ташаббуслари ҳамда бошқа масалалар бўйича маълумот берилди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА