Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тиббий хизмат: аҳоли розилиги–бош мақсад

2017-10-31 | Жамият

Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида мамлакатимиз тиббиёт соҳаси истиқболлари, мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси атрофлича таҳлил қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Хаджибаев, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Ж.Нажмиддинов, “Ўзкимёфарм” АЖ сифат ва инновация директори Б.Икромов, хусусий клиника раҳбари О.Муҳиддинова ва бошқалар тадбир иштирокчилари ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сўнгги бир йил мобайнида тизимдаги мавжуд камчиликлар тиббиёт муассасаларининг амалий фаолияти, аҳоли мурожаатлари асосида атрофлича ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Халқимиз розилиги йўлидаги бу эзгу саъй-ҳаракатлар самарасида малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маҳсулдорлиги сезиларли ортмоқда. 

Давра суҳбатида дастлаб Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўз олиб, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб тўрт марта йиғилиш ўтказгани, уларда тизим фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилганини таъкидлади. Президентимиз поликлиникалар раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолияти бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, бириктирилган маҳаллалар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мажлисларида ҳисобот бериш амалиётини ривожлантириш, тиббий ходимлар меҳнатини рейтинг баҳолаш ва моддий рағбатлантириш, врачлар қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон тизимни жорий қилиш бўйича топшириқлар берганини қайд этди. 

Давлатимиз раҳбарининг соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарори қабул қилинди. 

Шунингдек, Президентимиз вилоятларга ташрифлари чоғида тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишмоқда, шифокорлар билан учрашиб, соҳани такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар бермоқда. 

Тадбир иштирокчилари бу йўналишда қандай натижаларга эришилгани, мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида яна нималарга эътибор қаратиш лозимлиги билан қизиқди. 

– Маълумот учун айтиш жоиз, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди, – деди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. –Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 мингдан зиёд ёш мутахассиснинг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди. 

Соғлиқни сақлаш вазири сўзини давом эттираркан, бу йил Ўзбекистон тиббиёти учун тарихий йил бўлгани, соҳага ажратилаётган маблағлар сезиларли ўсиб, хусусий сектор вакилларига кенг имтиёзлар яратилганини алоҳида қайд этди. 

Даволаш муассасалари замонавий ахборот-технологиялари, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Тез тиббий ёрдам сифатига, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, скрининг марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия маҳсулотлари, реабилитация техник воситалар сифатини яхшилаш масалаларида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Соҳа мутахассислари берган маълумотларга кўра, жорий йил мобайнида 1 минг 200 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 2 минг 100 дан ошди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласида изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳат. Бу йил юқумли касалликларга қарши дастурий эмлашга маблағлар тўлалигича давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Бу мақсадга 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ўзлаштирилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. Пировардида, мамлакатимизда ўта хавфли касалликлар кузатилмади, оналар ўлими сезиларли камайди. 

Шунинг билан бирга ҳали ечимини кутиб турган қатор масалалар ҳам мавжуд. 

Тадбирда мутахассислар Президентимиз йиғилишда ҳақли таъкидлаганидек, аҳолини патронаж тизими билан тўлиқ қамраб олиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларни ўз вақтида рўйхатга олиш, даволаш, профилактик тадбирларни ўтказиш масалаларида бир бутун тизим яратилмаганини тилга олди. 

– Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида ҳам камчиликларимиз кўзга ташланмоқда, – деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Хаджибаев. – Уларда дори воситалари етарли эмас, тез тиббий ёрдам учун ажратилган автомашиналарнинг зарур жиҳозланишини қониқарли, деб бўлмайди. Албатта, биз бу борада тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Вазифамиз мавжуд камчиликларни босқичма-босқич, тез фурсатларда бартараф этишдир. 

Тадбирда соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари сифати, хусусий тиббиёт соҳасига чет эл инвестицияси ва юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ишлари ислоҳ қилиниши лозимлиги айтиб ўтилди. 

Вазир ўринбосари давлатимиз раҳбари топшириғига биноан шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича Президент қарори ишлаб чиқилаётганини ҳам қайд этди. 

– Дори воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилгани ўз самарасини бераётир, –деди “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Ж.Нажмиддинов. – Айни пайтда юртимизда фаолият бошлаган 7 эркин иқтисодий ҳудудда табиий воситалардан дори-дармон ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йил “Ўзфармсаноат” АК томонидан 76 янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашда кенг имконият яратади. Натижада ўтган қисқа вақтда маҳаллий хомашё ресурсларини босқичма-босқич чуқур қайта ишлаш ва тайёр истеъмол маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш тармоқлари эвазига фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш 123,9 фоизга ўсди. 

Журналистларни Президентимиз ташаббуси билан чет эл клиникаларида хизмат қилаётган юртдошларимиз, малакали мутахассисларни Ватанимизга қайтариш масаласи қизиқтирди. 

Соғлиқни сақлаш вазири бугунга қадар 50 дан ортиқ мутахассис юртимизга қайтарилганини таъкидлаб, бу ташаббуснинг берган натижалари ҳақида сўзлаб берди. 

Хусусан, Украинадаги Н.Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлик миллий институтининг клиникасида саккиз йилдан бери фаолият олиб бораётган Отабек Жуманиёзов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 январда тиббиёт соҳаси ходимлари билан учрашувида билдирган фикрларини эшитиб, юртига қайтиб келди. У ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Хоразм филиалида фаолият олиб бормоқда. Отабек бугунги кунгача 150 га яқин мураккаб кардиохирургия жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди. Келгуси йилда бу кўрсаткич яна ошиши кутилмоқда. 

Шунингдек, республика ихтисослаштирилган марказларининг етакчи соҳа вакиллари, юқори малакали хорижлик мутахассислари билан ҳудудларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, маҳорат дарслари ва энг мураккаб ҳолларда операциялар ўтказиш топшириғи қўйилганини таъкидлади. 

Айтиш жоизки, тиббий ихтисослашган марказлар фаолиятида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар яхши самара бермоқда. Сир эмас, яқин-яқингача аҳоли айрим касалликларни даволаш учун ва мураккаб операцияларга эҳтиёж сабаб чет эл клиникаларига мурожаат қиларди. Эндиликда бу масала ҳам босқичма-босқич ижобий ечимини топмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизга чет эллик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда 200 дан ортиқ хорижлик мутахассис иштирокида энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. 

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг роли оширилаётгани тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. 

– Бугун хусусий сектор тиббиёт соҳасида муҳим аҳамият касб эта бошлади, – деди хусусий клиника раҳбари О.Муҳиддинова. – Бизга кенг кўламдаги имтиёзлар берилмоқда. Имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, преференциялар тақдим қилинмоқда. Булар ёрдамида биз замонавий асбоб-ускуналар харид қилаяпмиз. Янги йўналишлар очилмоқда. Эътиборлиси, хусусий сектор вакиллари тиббиёт йўналишида нафақат шаҳарларни, балки қишлоқларни ҳам қамраб олмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йил 1 январгача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Жамғарилган маблағлар хусусий тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иш жараёнига юқори технологик ускуналарни жорий этиш ва тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга замин яратади. 

– Президентимиз топшириғига кўра, хусусий тиббиёт муассасаларини қуриш учун ер майдонлари "ноль" қийматида берилиши, юридик шахсларнинг тиббий фаолиятини лицензиялаш амалиётидан воз кечилиб, барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизими жорий қилинади, – деди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. – Бундан ташқари, хусусий тиббиёт муассасалари шифокорлари хориж давлатларида малака оширишга юборилади. 

Давра суҳбати иштирокчиларига ҳудудларда оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Президентимиз ҳақли таъкидлаганидек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳудудларда ҳали ҳам етарли даражада эмас. Шу боис вилоятлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. 

Тадбирда мутасадди вакиллар ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаб, бугунги кунга қадар вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди. 

Барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари штат бирлигига оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари лавозимини жорий қилиш, бирлашмаларда анестезиология ва реанимация бўлимлари ташкил этилиши бу борадаги ишлар нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда. 

Мутахассислар ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро ОИТС диагностика лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди. 

Тадбирда мутахассислар ичимлик суви тизимини кимёвий ва бактериалогик лаборатория таҳлилларидан ўтказиш, чет давлатлардан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини санитария-эпидемиологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга препаратларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби саволларга ҳам батафсил жавоб қайтарди.

 

Абу Бакир Ўрозов, Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться