Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адолатли сайловлар – демократия белгиси

2017-10-30 | Сайлов

24 декабрь – Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни

Маълумки, 2017 йил 30 августда эълон қилиниб, шу кундан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунига кўра, янги ташкил этилган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов  –  2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 24 декабрь куни ўтказилиши назарда тутилган. Айни пайтда ушбу сайловга тайёргарлик ишлари қизғин бошлаб юборилган. Шу муносабат билан сайловни ўтказишга оид баъзи демократик принциплар ҳақида фикрлашиб олиш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш жараёнида адолатли ва эркин сайловлар ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади. Зеро, сайлов демократиянинг энг асосий белгисидир. Айнан сайловлар воситасида халқ оммаси давлат ишларини бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этадилар.

Мамлакатимизда фуқароларнинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловларда, Президентликка сайловларда, референдум ва умумхалқ муҳокамаларида фаол иштирок этишлари учун тўла-тўкис ҳуқуқий-ташкилий шарт-шароитлар яратилган. Бинобарин, қонунларимизда ҳам фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этишлари учун халқаро андозаларга мос демократик тамойиллар ўрнатилган.

Сайлов ҳуқуқига оид умум эътироф этилган халқаро принциплар ва андозалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948 йилги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да, 1966 йилги “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт”ида, 1963 йилги “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги декларацияси”да, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ Кенгашининг 1994 йилги “Эркин ва адолатли сайлов принциплари тўғрисидаги декларацияси”да ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган. Буларга асосан сайлов ҳуқуқи соҳасига тааллуқли қуйидаги принцип ва ҳуқуқлар умумэътироф этилган андозалар сифатида тан олинади: умумий сайлов ҳуқуқи; тенг сайлов ҳуқуқи; тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи; яширин овоз бериш йўли билан сайлаш; мунтазам ва мажбурий сайловлар; очиқ ва ошкора сайловлар; эркин сайловлар; ҳақиқий сайловлар; адолатли сайловлар; сайловларнинг мустақил сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши; сайловлар ва сайлов кампаниясининг давлат томонидан молиявий таъминланиши; сайловлар ва ташвиқот фаолиятининг давлат томонидан ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватланиши; сайловларда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан шикоят қилиши ва бунинг учун тегишли жавобгарликнинг кўзда тутилганлиги.

Ўзбекистоннинг сайловларга оид қонунлари ана шу халқаро андозаларга тўла мос келади. Буни биз айнан Ўзбекистон Республикасининг сайловларга оид қонунлари, аввало Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мисолида кўриб чиқишимиз мумкин. Конституциямизнинг 117-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади… Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бу сайлов ҳуқуқининг умумийлиги тамойили ҳисобланади. Конституция ва қонунларда кимлар сайловларда қатнаша олмасликлари ҳам аниқ кўрсатилган. Уларга биноан суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахслар сайловларда қатнашмайдилар. Сайлов ҳуқуқининг тенглиги шунда кўринадики, ҳар бир сайловчи фуқаро бир овозга эга, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар. Қонунларимизга биноан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Сайлов ҳуқуқининг умумийлиги, тенглиги, тўғридан-тўғрилиги ва яширинлиги ҳақидаги меъёрлар Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 5 майда қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида ҳам тўлиқ белгиланган (қонуннинг 1-6-моддалари).

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойилида ҳар бир фуқаро – сайловчи бир овозга эга. Барча турдаги сайловларда ҳамма тенг асосларда қатнашади. Ҳар бир сайловчи овоз бериш учун фақат битта рўйхатга киритилади. Сиёсий партияларга сайлов олди ташвиқот юритиши тенг асосда ташкил этилади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқига биноан, сайловчилар Ўзбекистонда Президентни сайлашда ҳам, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлашда ҳам, халқ ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларига депутатлар сайлашда ҳам тўғридан-тўғри, яъни бевосита иштирок этадилар.

Яширин овоз бериш эса сайловчининг ўз иродасини билдириш устидан назорат қилишга йўл қўймасликни назарда тутади. Қонунга биноан, сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Мамлакатимиз қонунчилигида сайловларнинг мунтазамлиги ва мажбурийлиги тамойили ҳам ўрнатилган. Бунга кўра, сайловлар қонунларда аниқ белгиланган муддатларда мунтазам ва мажбурий ўтказилиши назарда тутилади. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 117-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конс­титуциявий ваколат муддати тугайдиган
йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Мамлакатимизда ўтказиладиган барча сайловлар очиқ ва ошкорадир. Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Мамлакатимиз қонунчилигида сайловларнинг эркинлиги принципи шунда ифодаланадики, фуқароларнинг сайловда иштирок этиши эркин ва ихтиёрийдир. Ҳеч ким уларнинг муайян номзод учун “тарафдор” ёки “қарши” овоз беришга мажбур қила олмайди. Ҳеч кимнинг фуқарони сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилишга ҳаққи йўқ.

Мамлакатимизда ҳақиқий сайловлар принципини амалга ошириш учун етарлича ҳуқуқий асослар мавжуд. Сайловлар халқнинг эркин тарзда ифода этиладиган хоҳиш-иродасини аниқлайди ва унинг бевосита рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Қонунларимиз сайловчиларга номзодларни эмин-эркин танлаш, сайлаш имконини беради. Ҳозирги кунда юртимизда чинакам сиёсий плюрализм, фикрлар, ғоялар хилма-хиллиги ва кўппартиявийлик тизими амал қилмоқда. Сайловлар кўппартиявийлик асосида амалга оширилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда республикамиздаги қонуний рўйхатдан ўтган ҳамма партиялар – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Адолат социал-демократик партияси, Миллий-тикланиш демократик партияси ҳамда Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган номзодларнинг тенг иштирок этиши тўла-тўкис кафолатланган. Мамлакатимизда ҳақиқий сайловлар ўтказилишини таъминлаш мақсадида барча номзодлар ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистонда адолатли сайловлар принципи ўрнатилганлигини қуйидагиларда кўриш мумкин: биринчидан, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқининг кафолатланишида; иккинчидан, ҳар бир номзод ёки ҳар қайси партияга сайлов кампаниясида иштирок этиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шарт-шароитларнинг яратиб берилганлигида; учинчидан, сайловларнинг, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайлов кампанияларини адолатли ва ошкора молиялаштирилишида; тўртинчидан, овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш чоғида ҳалолликнинг таъминланганлигида, сайлов натижаларини тўла ва аниқ эълон қилинишида; бешинчидан, сайлов жараёнларининг мустақил сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилиши ва ушбу комиссияларнинг жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар назоратида очиқ ва ошкора ишлашида; олтинчидан, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан шикоят қилиш мумкинлиги кафолатланганлигида ва ҳоказо.

Республикамизда сайловлар мустақил сайлов комиссиялари томонидан ўтказилади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоялаш ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлар доирасида фаолият юритадиган мустақил сайлов комиссиялари, яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари зиммасига юклатилгандир.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида сайловларнинг ва сайлов кампаниясининг давлат томонидан молиявий таъминланиши ўрнатилган. Давлат сайлов кампанияси билан боғлиқ барча сарф-харажатларни ўз зиммасига олади. Қонунга биноан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Қонунга биноан Ўзбекистонда давлат сайлов, номзодлар тўғрисидаги ахборотни излаш, йиғиш ва тарқатиш эркинлигини, сайлов жараёнларининг оммавий ахборот воситаларида холисона ёритилишини таъминлайди. Оммавий ахборот воситалари қонунга мувофиқ аҳолини сайлов, номзодлар кўрсатиш, уларнинг сайловолди дастурлари, сайлов кампаниясининг бориши, овоз бериш якунлари ва сайлов натижаларидан хабардор этиб бориш, ўз фаолиятини қонун, қонун ҳужжатлари ва давлатнинг халқаро мажбуриятлари доирасида амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Давлат фуқаролар, номзодларга, тегишли тартибда рўйхатдан ўтган номзодларини кўрсатган сиёсий партияларга қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда қонун йўл қўядиган ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай қонуний йўл билан ташвиқот фаолиятини амалга ошириши эркинлигини таъминлайди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайловларда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши принципини мустаҳкамлайди. Сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда, қонунда белгиланган тартибда, ҳар бир номзод, ҳар қайси сиёсий партиядан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Халқаро кузатувчиларнинг иштироки сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтишига, давлатнинг халқаро мажбуриятларга риоя этилишига кўмаклашади.

Қонунларимизда фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан мустақил судларга шикоят қилиши ва бунинг учун тегишли жавобгарлик принципи кўзда тутилган.

Шундай қилиб, сайловга оид қонунларимиз ўзининг демократик тамойиллари билан халқаро андозаларга тўла-тўкис мос келади. Ишонч билан айтиш мумкинки, янги ташкил этилган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ҳам юқоридаги принципларга оғишмай амал қилинган ҳолда Тошкент шаҳри фуқаролари томонидан юксак даражадаги уюшқоқлик ва масъуллик билан ўтказилади.

Ҳайдарали МУҲАМЕДОВ,

ТДЮУ Давлат ва ҳуқуқ назарияси

ва тарихи кафедраси профессори

“Тошкент оқшоми” газетаси 26 октябрь 2017 йил.

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Поделиться