Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«INFOLIB–2017» VI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди
2017-10-30 | Жамият
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўrказилаётган тадбирда пойтахтимиз, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги ахборот-кутубхона муассасаларидан келган мутахассислар, китобхонлар қатнашмоқда.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Миллий кутубхона директори А.Абдуазизов ва бошқалар мамлакатимизда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш билан бирга ёшларнинг китобга бўлган эътиборини кучайтириш, мутолаа маданиятини юксалтириш борасидаги кенг қамровли ишлар мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди. Бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги, 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида «Infolib – 2017» VI Миллий ахборот кутубхона ҳафталиги Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Маданият, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аҳолининг ахборот маданиятини юқори даражага кўтариш, мутолаага бўлган эътиборини ошириш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига интернет орқали хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ва бу жараёнда кутубхоналарнинг ижтимоий-маданий ролини оширишдан иборатдир.
Ҳафталикнинг илк тадбирида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев соҳа мутахассислари билан мулоқот қилди.
– Мулоқот доирасида соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва истиқболдаги ишларни белгилаб олиш учун ёзма сўровнома ҳам ўтказилди, – дейди Жиззах вилояти ахборот-ресурс маркази раҳбари Р.Одилова. – Шу билан бирга бугунги кунда ҳудудлардаги ахборот-кутубхона муассасалари китоб фондини мунтазам бойитиб бориш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассислар ўқув-малакавий салоҳиятини ошириш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантиришдек долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Берган таклифларимиз мутасадди ташкилотлар томонидан ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштириш бўйича 2018 йилда бажариладиган ишлар режасига киритилиши маълум қилинди.
Мулоқот «Бетгерхонлик – 2017. Халқаро кутубхона ҳамкорлиги: янги имкониятлар ва ривожланиш истиқболлари» мавзуидаги маърифий тадбир, «Ўзбек ёзувининг ХХ аср тарихи» номли китоб тақдимоти, Ўзбекистон халқ бахшиси А.Поёнов, Ўзбекистон халқ артисти Х.Лутфуллаев, шоира У.Абдуазимова билан ижодий учрашувларга уланиб кетди.
Ҳафталик давомида «Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси – 2017», «Ислом Каримов асарлари билимдони» танловларининг мамлакат босқичи, шеърият ва мусиқа кечалари, соҳа мутахассислари ва китобхонлар учун семинарлар, давра суҳбатлари, тренинглар, маҳорат дарслари ҳамда мамлакатимиздаги етакчи нашриётлар билан ҳамкорликда китоблар ярмаркаси, кўргазмалар, ёшларнинг маънавий билимини оширишга йўналтирилган тадбирлар, фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилади.
Манба: ЎзА