Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ўзбектелеком» АК: Янги тизим – янги имкониятлар
2017-10-30 | Технологиялар
«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг ихтисослашган «Ахборот тизимлари» филиалида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда уларнинг мақсад ва аҳамиятига бағишланган брифинг ўтказилди.
Тадбирда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси кузатув кенгашининг 2017 йил 6 июлдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур филиал қатор муҳим вазифаларни ўз ичига олади. Хусусан, ахборот жараёнини самарали ташкил этиш бўйича компания ижро аппарати ва филиалларида фойдаланиладиган ахборот тизимларини яратиш, эксплуатация қилиш ҳамда яхшилаш, ахборот технологиялари соҳасини ягона тузилмага бирлаштириш каби вазифаларни бажаради.
Филиални яратишдан асосий мақсад – вақт, меҳнат ва бизнес жараёнларини ташкил этиш учун энергияни тежаш йўли билан операцион самарадорликни ошириш, ишларни автоматлаштириш, компания ва бошқа ташкилотларнинг рақамли трансформациясини амалга ошириш ҳамда йирик миллий лойиҳаларни татбиқ қилишдан иборат. Айни дамда ташқи интернет канали истеъмолини камайтириш, унинг таҳлили ва хусусий муқобил ресурсларини яратиш орқали контент генерациясига ўтиш ишлари амалга оширилмоқда.
– Ҳозир жамиятнинг барча фаолият соҳаларига рақамли технологияларнинг кенг кириб бориши жаҳон телеком операторлари кўрсатаётган хизмат парадигмаларини ўзгартиришга мажбур қилмоқда, – дейди компаниянинг маркетинг ва сотувлар бўйича директори Евгений Вишневский. – «Электрон ҳукумат»нинг барча элементларини жорий этиб, иқтисодиётни рақамли трансформациялаш даврида компаниямиз замонавий талабларга жавоб бериши шарт. Шу сабабли мазкур филиални ташкил қилдик. Бу эса янги лойиҳаларни амалга оширишга имконият яратади.
Тадбирда қатор янги лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Манба: ЎзА