Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маъмурий суд соҳасидаги халқаро тажриба

2017-10-30 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Судьялари олий кенгаши ҳузуридаги Тадқиқот марказида маъмурий судлар судьялари учун семинар-тренинг ташкил этилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маъмурий судлар судьялари, халқаро экспертлар гуруҳи, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази директори Д.Орипов ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қодир мустақил институт сифатида ташкил этишнинг мақсадли механизмлари жорий этилганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мазкур йўналишдаги ишлар босқичма-босқич демократлаштирилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида тизимдаги ислоҳотлар янги босқичга чиқди. 

Ушбу фармонларга мувофиқ фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Халқаро ва миллий тажриба асосида фаолият юритаётган ушбу институт томонидан бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар, қарорлар устидан бериладиган шикоятлар, нотариус ёки ФҲДЁ органлари томонидан бажарилиши рад этилган ёхуд уларни нотўғри бажаргани устидан бериладиган шикоятлар, прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси, ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахслар манфаатини кўзлаб берилган аризалари, давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилаётир. 

Семинар-тренинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, судьяларда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллаш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга. 

Тадбирда Япония ва Корея Республикаси вакиллари маъмурий ҳуқуқда юридик назорат, қонунчилик процесси, маъмурий суд иш юритиши, дунё тажрибасида маъмурий судлар фаолияти, уларнинг шаклланиш босқичлари, судлов инстанцияларининг ўзига хос хусусиятлари каби мавзулардаги маърузалар билан иштирок этди. 

– Ўзбекистонда суд иши юритишнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, одил судловга эришишни таъминлашга қаратилган кенг кўламдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда, – деди Нагоя университети профессори Катсуя Ичихаши (Япония). – Судьялик лавозимига тайинлаш тизими янада такомиллаштирилгани, суд-ҳуқуқ соҳасида халқаро тажриба қўлланилаётгани тизимни янада демократлаштириш имконини бермоқда. Бунда Ўзбекистоннинг кейинги беш йилдаги тараққиёт йўли белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифалар ижросининг ўз вақтида ва муваффақиятли амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда. 

Анжуманда иштирокчилар ижро ҳокимияти қонунийлиги, судлов тизими фаолияти, маъмурий қарорлар хусусиятлари ва ижроси, фуқаролар ҳуқуқий манфаатларининг қамраб олинганлик даражаси каби мавзулардаги саволларга жавоб олди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться