Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш тизими: ютуқ ва вазифалар
2015-04-02 | Жамият
Пойтахтимизда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган иккинчи республика миллий конгресси бошланди. Унда олимлар, шифокорлар, тадқиқотчилар, хорижий давлатлардан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ж.Собиров ва бошқалар инсон саломатлигини асраш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишини ташкил этишини таъкидлади.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 1998 йил 10 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши натижасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди.
«Соғлом она – соғлом бола» тамойили асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бунинг натижасида жаҳон тиббиётининг энг илғор амалиётлари – она ва бола скрининг ҳамда перинатал хизматлар тармоғи мамлакатимиз тиббиётида мустаҳкам ўрин эгаллади.
Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳам доимий эътиборда. Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси, олтита тиббиёт олий ўқув юрти ва уларнинг еттита филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 июлдаги «Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори тиббий таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, юксак билим ва интеллектуал салоҳиятга эга мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилаётир.
Мамлакатимиз тиббиёт илми ҳам изчил ривожланмоқда. Турли йўналишлар бўйича шаклланган илмий мактабларда тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий изланишлар амалга оширилаётир. Яратилаётган илғор технологиялар профилактика, диагностика, даволаш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Конгресс доирасида тиббиётнинг турли йўналишларида эришилаётган ютуқлар бўйича мамлакатимиз ва хорижлик олимлар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилади. Ушбу дарсларда касалликларни даволашда далилларга асосланган тиббий тамойиллар, дори воситаларини тўғри қўллаш ва ножўя таъсирининг олдини олиш юзасидан фикр алмашилади.
Манба: ЎзА