Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари сафи кенгайди
2017-10-30 | Технологиялар
Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қуввватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказида янги резидентларни қабул қилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда мазкур инновация маркази мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ривожи учун қулай шароитларни яратишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
«Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июндаги «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети марказнинг таъсисчиси ҳисобланади.
Бугунги кунда инновация маркази резидентларининг сони 80 дан ошди.
– Марказимиз резидентлари сафи тез суръатларда кенгаяётганидан мамнунмиз, – дейди инновация маркази директори Хуршид Султонов. – Мамлакатимиз АКТ компаниялари инновация марказимизга катта қизиқиш билдирмоқда. Тез орада марказимиз юздан ортиқ юридик шахсни бирлаштиради. Мақсадимиз ҳам юртимизда АКТ тармоғини ривожлантириш ҳамда ялпи ички маҳсулотда мазкур йўналиш улушини сезиларли даражада оширишдан иборатдир.
Тадбирда инновация марказида яратилган қулайликлар ва резидентларга тақдим этилаётган имкониятлар, шунингдек, уларнинг вазифалари ҳақида сўз юритилди. Резидентларнинг 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод этилгани таъкидланди. Улар 7,5 фоизли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ ва 4,5 фоизли ставка бўйича пенсия жамғармасига киритиладиган суғурта бадалига тортилади, холос.
«Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан АКТ компанияларига марказ резиденти мақомини олиш имкониятлари кенгайтирилди. Эндиликда дастурий таъминот чиқариш бўйича фаолият кўрсатадиган, турли дастурий таъминотлар, компьютер ўйинлари ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган юридик шахслар ҳам марказ резиденти мақомини олишга номзод бўлиши мумкин.
Тадбирда 53 юридик шахсга инновация маркази резиденти мақоми берилди ва сертификатлар топширилди.
Манба: ЎзА