Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Компьютер экспертизаси жорий этилади

2017-10-30 | Технологиялар

Мамлакатимиз суд эспертиза тизимига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. 

Зеро, тараққиёт янги марраларни забт этгани сари жиноятчиликнинг янги турлари ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, кибержиноятчиликни очиш учун суд-экспертлар энг сўнгги русумдаги компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотларга эга бўлиши шарт. 

Бу масалага Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида айни пайтда компьютер экспертизасини амалиётга жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Бу компьютерлар ёрдамида қилинган жиноятларни фош этишда муҳим ўрин тутади. 

Пойтахтимизда “Суд экспертизаси фаолиятида ахборот технологияларини қўллашнинг аҳамияти” мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директори У.Узоқов ва бошқалар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида суд экспертизасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ушбу соҳанинг замонавий техник база, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозланиши адолат қарор топишида муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда суд экспертизаси марказининг янги биноси бунёд этилди ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ҳолда ишга туширилади. 

Ўзбекистонда фан ва техниканинг изчил тараққиётига мос равишда суд экспертизасининг ҳам барқарор ривожланиши кузатилмоқда. Республика суд экспертиза марказида Одам ДНКси суд биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси каби лабораториялар самарали фаолият юритмоқда. Уларнинг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда халқаро аккредитациядан ўтказиш устида иш олиб борилмоқда. 

Суд экспертиза марказида 44 турдаги экспертиза амалга оширилади. Улардан олтитаси кейинги беш йилда амалиётга жорий этилган. Жумладан, суд-сиёсатшунослик лингвистика экспертизаси давлат сиёсатини турли хуружлардан ҳимоялашга хизмат қилади. Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси иқтисодиётни ҳимоялашга қаратилган. Суд-автомобиль йўллари экспертизаси йўлларда содир бўлган турли нохуш ҳолатларда шу йўлнинг талабга жавоб бермагани ва бунда масъул шахсларнинг жавобгарлигини аниқлаштиришда кўмаклашади. Кўчмас мулк объектларининг қиёсий ёндашув усулидан фойдаланган ҳолда қийматини аниқлаш экспертизаси кўчмас мулк билан боғлиқ низоларда адолатли ечим топилишига ёрдам беради. Суд-филология эспертизаси орқали кўчирмакашликка чек қўйиш мумкин. Суд-экология экспертизаси атроф-муҳит ҳимоясида муҳим ўрин тутади. 

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлигининг Эксперт-криминалистика бош маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Суд-тиббий экспертиза Бош бюроси, Тошкент давлат юридик университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқа идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда суд-тиббий экспертиза бош бюросида амалга оширилаётган ишлар, тергов органлари ва экспертиза муассасалари идоралараро фаолиятини электрон-ахборот таҳлилий коммуникация технологиялари асосида такомиллаштириш, криминалистикада фототасвир ва видеотасвирга рақамли ишлов бериш, суд экспертиза фаолиятига компьютер техникаси ва технологияларни татбиқ этиш истиқболларига оид маърузалар тингланди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться