Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жамоат тартибини сақлашнинг долзарб масалалари
2015-04-02 | Жамият
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятимизда барқарорлик, фуқаролар осойишталигини таъминлашга қаратилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир.
Бу жараёнда ички ишлар идоралари томонидан ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилларда Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Етакчи соҳавий йўналишлар – жиноят-қидирув ва терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари билан бирга патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлашнинг замон талаблари даражасида фаолият юритиши йўлга қўйилгани барқарорликни сақлашга хизмат қилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида "Жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари" мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда шулар ҳақида фикр юритилди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари А.Мирзаев, академия бошлиғи Ш.Икромов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида танланган мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри экани эришилаётган муваффақиятларда намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Барқарорликни таъминлашга бўлган эътибор ва бунинг изчил таъминланаётгани барча соҳаларда, жумладан, Президент сайловининг юксак демократик талаблар асосида ўтганида ўз аксини топди.
Ички ишлар идораларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ва юксак малакали, профессионал кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани, шахсий таркибнинг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар соҳадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда. Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизими яратилгани юртдошларимиз хотиржамлигида асосий омил бўлмоқда.
Анжуманда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашнинг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш масалалари таҳлил қилинди. Жамоат тартибини сақлашда учраётган камчиликларни бартараф этиш, бу борада тегишли соҳавий хизматлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат божхона, Солиқ қўмиталари, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этган тадбирда соҳага доир айрим қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Манба: ЎзА