Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга қарши курашишда самарали тизим
2017-10-28 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида “Ички аудит ва молиявий назорат бўйича давлат идораларининг ўзаро ҳамкорлигини жорий этиш” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.
Бош прокуратура ҳамда Давлат маблағларини бошқаришни ўзаро ўрганиш ва тажриба алмашиш ҳамжамияти (PEMPAL) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Йўлдошев ва бошқалар давлат ва жамият бошқарувида коррупциянинг олдини олишда ички ва ташқи аудитни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш ишлари жадал амалга оширилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишларни самарали давом эттиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Семинарда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланаётгани, хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида миллий қонунчилик янада такомиллаштирилаётгани қайд этилди.
– Коррупция ҳолатларига барҳам бериш тараққиёт ва барқарор ривожланиш кафолатидир, – дейди Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси эксперти Нодира Зикриллаева. – Бу молиявий маблағларни самарали сарфлашнинг замонавий назорат тизимини такомиллаштириш ва соҳада фаолият юритаётган ходимлар малакасини мунтазам ошириб боришни тақозо этади. Семинарда хорижий экспертлар молиявий назорат институти – ички назорат ва давлат аудитининг халқаро стандартлари ҳамда илғор тажрибалари ҳақидаги маърузалар билан қатнашди.
Ушбу тадбир давлат маблағларини бошқаришда илғор халқаро амалиётни ўрганиш, хорижлик экспертлар билан ўзаро фикр алмашиш имконини берди.
Манба: ЎзА