Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги: илғор технологиялар ва амалиёт
2017-10-28 | Иқтисодиёт
Тошкент вилояти Янгийўл туманида деҳқон ва фермерлар фаолиятини янада такомиллаштириш, мева-сабзавот маҳсулотлари сифатини яхшилаш, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, самарали олиб борилишига имкон берувчи қишлоқ хўжалиги метеостанциясини ўрнатишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги “Ўзбекистон бизнес форуми (III босқич)” қўшма лойиҳаси бўйича вилоятдаги 800 фермер ва деҳқон хўжалигини агротехник тадбирлар ўтказишга оид бепул профессионал тавсиялар билан таъминлаш бўйича ташаббус йўлга қўйилмоқда.
Қўшма лойиҳа туфайли Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Паркент ва Тошкент туманларида 10 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олувчи ахборот технологиялари асосида ишлайдиган қишлоқ хўжалиги метеостанциялари деҳқонлар оғирини енгил қилади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Тошкент тумани бўлими қошида ташкил этилган “Консалтинг Мадад Ҳамкор” компанияси метеомаълумотлар таҳлилини мунтазам равишда деҳқонларнинг уяли телефонига узатиб туради. Унда 7 турдаги экин учун касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича агротехник тадбирлар ўтказиш зарурати юзасидан тавсиялар мавжуд.
– Ҳар бир метеостанция ёғингарчилик ҳажми, тупроқ ҳарорати, ҳаво ва баргнинг намлик даражасини, шамол тезлиги ва йўналиши каби қатор кўрсаткичларни прогнозлаштирадиган бир нечта асбоб билан жиҳозланган, – дейди “Консалтинг Мадад Ҳамкор” компанияси раҳбари Э.Усмонхўжаев. – Ҳозир дунёдаги 80 дан ортиқ мамлакат қишлоқ хўжалигида ушбу лойиҳадан унумли фойдаланилади. Ҳосилга етказилаётган зарарнинг 90 фоизи об-ҳаво сабабли қишлоқ хўжалигида автоматлашган мониторинг тизими деҳқоннинг ортиқча маблағини тежаб, кун бўйи далада вақтини ўтказмаслигига имкон беради. Бу эса ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Семинарда ушбу технологиянинг жорий этилиши деҳқончиликдаги xаражатлар қисқариши, маҳсулот етиштириш таннархининг камайиши ва фойданинг ўсишини таъминлашига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА