Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи оммавий ахборот воситалари нигоҳида
2017-10-28 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборида бўлди. Журналистлар ва экспертларнинг фикрича, мазкур давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга ва Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги принципиал ўзгаришлардан далолат беради. Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани таъкидланган.
ТРТ телеканали (trt.net.tr)нинг хабар беришича, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Тошкент ҳар томонлама стратегик аҳамиятга эга ҳамкор экани, аҳолиси 32 миллион бўлган Ўзбекистон табиий газ захираси бўйича дунёда еттинчи ўринда, уран захираси бўйича тўртинчи, пахта етиштириш бўйича олтинчи ва унинг экспорти бўйича иккинчи ўринда туришини таъкидлаган. Шунга қарамасдан, икки томонлама иқтисодий муносабатлар кўлами кутилган даражада эмас, 2016 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни, жорий йилнинг саккиз ойида эса 900 миллион долларни ташкил қилган.
Туркия Президенти туркий ва ислом цивилизацияси икки қадимий ўчоғининг маданий яқинлашуви катта аҳамиятга эга эканини қайд этган. Икки давлат идоралари раҳбарларига ўзаро ҳамкорликни юксак даражада ривожлантириш вазифаси топширилгани, Ўзбекистон ҳам яқинлашув учун худди шундай қатъият кўрсатаётганидан мамнун экани, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий институтларининг самарали фаолият юритишига ишонишини таъкидлаган.
Марказий Осиёнинг ca-news.org янгиликлар хизмати Туркия Президентининг давлат раҳбарлари даражасидаги учрашуви 20 йиллик танаффусдан сўнг ташкил этилгани, шу боис ташриф жуда муҳим аҳамиятга эгалиги, делегациялар ўртасидаги музокаралардан аввал Шавкат Мирзиёев билан тор доирада мулоқот қилингани ва у жуда самарали бўлгани ҳақидаги сўзларни келтирган.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувда музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар эса икки мамлакат ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
"Миллиет" (milliyet.com.tr) номли турк нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Анқара ва Тошкент ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этган.
«Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга қарийб бир йил олдин киришди. Халқаро кузатувчилар хулосасига кўра, Ўзбекистон сўнгги 10 йил давомида Марказий Осиё ҳамда Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган давлатига айланади, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти шиддатли суръатларда ўсади», деди Туркиянинг Каппадокия университети ўқитувчиси, профессор Ҳасан Али Қарасар "Анадўлу" агентлигига берган интервьюсида.
Экспертнинг фикрича, икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳозиргача кутилган даражада эмас, лекин давлат раҳбарлари бунга эришиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Профессор икки мамлакат Президентлари Самарқанд, Пекин, Остона ҳамда Нью-Йоркда бўлган кенг кўламли халқаро тадбирлар доирасида учрашувлар ўтказганини таъкидлаган. Бу эса Туркия ва Ўзбекистоннинг келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини билдиради.
Профессор икки мамлакат ўртасида нафақат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, балки туризм, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва авиация соҳаларида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар режаси атрофлича ишлаб чиқилганини қайд этган. «Шунинг учун Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи катта аҳамият касб этади, дея оламан. Бу ташрифни тарихий деб ҳисоблаймиз, зеро, у ўзаро муносабатларнинг келгуси 5-10 йиллик истиқболларини белгилаб берди», деган Ҳасан Али Қарасар.
365info.kz ахборот-таҳлил портали Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи ҳамда музокаралар якунида имзоланган шартномалар ҳар икки мамлакат иқтисодий ривожига жиддий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Сайт таҳлилчиларининг фикрига кўра, Тошкент ва Анқара учун иқтисодий ҳамкорлик масаласи биринчи даражали аҳамият касб этади. Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2000-2016 йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробар ошган.
Икки мамлакат авиакомпаниялари биргаликда парвозлар сони ва ҳудудини мунтазам кенгайтирган ҳолда фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Масалан, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан Туркиянинг Ўзбекистон бозорига кирадиган сармоядорлари ва компаниялари сафи кенгаймоқда. Интернет нашр Туркиянинг қатор сармоядорлари Ўзбекистонда электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноатида қўшма корхоналар очишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзган.
Озарбайжоннинг «Янги давр» интернет газетаси (yenicag.ru) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Анқарада юксак эҳтиром билан олий даражада кутиб олишганига алоҳида эътибор қаратган. Туркия Республикаси Президенти саройида Ўзбекистон раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортган. Икки давлат Президентлари музокараларидан сўнг журналистлар учун брифинг ўтказилди.
Экспертлар Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ғоят самарали бўлганини таъкидлаган. Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга давлат ташрифи натижасида икки мамлакат стратегик шерикка айланади, деб ҳисоблаш мумкин.
«Спутник» янгиликлар портали (ru.sputnik-tj.com) Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи бўлган кезлардаёқ Туркия билан алоқаларни фаоллаштиришга киришганини таъкидлаган. 2016 йил ноябрь ойида Самарқандда Режеп Таййип Эрдўғон билан бўлиб ўтган музокараларда томонлар икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олган.
Бундан ташқари, транспорт коммуникацияларининг транзит салоҳиятини ривожлантириш, хусусан, икки давлатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлаги бўладиган "Боку – Ахалкалаки – Қарс" темирйўл линиясига алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида туризм қайд этилган. Хусусан, Туркия компаниялари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида замонавий меҳмонхона мажмуалари қуриш, шунингдек, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳа учун мутахассислар тайёрлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқмоқда.
«Ўзметроном» ахборот портали (uzmetronom.com) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга давлат ташрифи, Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан яқинда ўтказган музокаралари каби Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида амалга оширилаётган ўзгаришлардан яна бир далолат беради, деб таъкидлаган.
Икки томонлама сиёсий ва иқтисодий манфаатларнинг холис тамойиллари Ўзбекистон учун ниҳоятда қисқа муддатда нафақат қўшни, балки узоқ хорижий мамлакатлар билан ҳам ўзаро ишончни тиклаш имконини берди. Расмий Тошкент шерикларига барча соҳаларда ўзаро манфаатли асосда, бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирмоқда.
Манба: ЎзА