Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рағбат масъулиятни оширади
2015-04-02 | Жамият
Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти маданият, спорт, санъат, таълим ва адабиёт йўналишларида истеъдодли қизларни кашф этиш, уларни янги ютуқлар сари рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Навоий вилоятида 15 нафар истеъдод соҳибаси давлатимизнинг ана шу юксак мукофоти билан тақдирланган. Жорий йилда улар қаторига Учқудуқ кончилик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Ирода Жуманова ҳам қўшилди.
Ирода болалигидан спортга меҳр қўйди. Курашчи тоғасининг халқаро турнирлардаги ғалабаси унинг қизиқишини янада оширди. Тоғасидек курашчи бўлишга аҳд қилган Ирода Учқудуқ шаҳридаги "Лочин" спорт мажмуасида ташкил этилган дзюдо тўгарагига қатнай бошлади.
– Мамлакатимизда ёшларнинг ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиб берилган, – дейди Ирода. – Мен ҳам кўплаб тенгдошларим қатори шу имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқдаман. Беш йилдан бери ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланаман. Бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилганим менга чексиз қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамга катта масъулият юклашини яхши биламан.
Спорт билан жиддий шуғулланган Ирода Жуманова мамлакат ва халқаро миқёсда бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Ўзбекистон чемпионати, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлди. У айни пайтда дзюдо бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзосидир.
– Ҳар бир спортчи каби мен ҳам юксак ғалабаларга эришишни истайман, – дейди у. – Ҳар гал гиламга чиққанимда ғолиб бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. Шундай кезларда Президентимизнинг биз, ёшларга билдирган юксак ишончи, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз ҳам, деган даъватлари кучимга куч қўшиб, ғалабага бўлган ишончимни оширади.
Манба: ЎзА