Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Электрон ҳукумат» тизимида хавфсизликни таъминлаш муҳокама марказида бўлди
2017-10-27 | Технологиялар
Бугун пойтахтимизда «электрон ҳукумат» тизимида ахборот хавфсизлиги муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланган республика семинари ташкил қилинди. Тадбирда давлат бошқаруви органларининг бевосита мазкур йўналишга масъул 100 дан зиёд мутахассислари қатнашдилар.
Республика семинари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, UNICON.UZ Маркази ҳамда Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Жамият ахборотлашуви, маълумот ва хизматларнинг, фаолиятнинг онлайн тармоққа кўчаётгани ўз ўрнида тизимлар ва маълумот базаларининг хавфсизлигини таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий базани бугунги электрон муносабатларга мувофиқлаштиришни тақозо қилади. Семинар бу йўналишда амалга ошириш зарур чора-тадбирларни, мавжуд муаммо ва камчиликларни мутахассислар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш, уларнинг ечимларини излаш, стратегик мақсад ва таклифларни тўплашни мақсад қилган.
Бир кунлик семинарда ахборот хавфсизлиги соҳасида тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини ахборот хавфсизлиги ҳодисалари бўйича мониторинги, фаолиятни ҳимоя қилиш, ахборот тизимларини ҳимоялашнинг алгортимик модельлари, Марказий Осиёга таҳдид солаётган ахборот хуружлари, биометрик криптотизимларнинг муаммоларига бағишланган 15 та тақдимот тингланди.
Шунингдек, тадбирда давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг «ict.nis.uz» тизимидаги ахборот хавфсизлиги ҳолатининг 2017 йил III чорак натижалари эълон қилинди.
Семинар якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, тақдимотларда кўтарилган муаммо ва масалалар ечимига оид қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги